Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал тумани ҳокимлиги Ёшлар ишлар агентлиги, халқ таълими туман бўлимлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар томонидан “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган IT CЕNTЕR марказида уюшмаган ёшлар ҳамда мактаб ўқувчилари ўртасида киберспорт бўйича мусобақа ташкил этилди.
Бундай мусобақаларни ташкил этишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда виртуал спортни ривожлантириш ва мамлакат киберспортчиларини жаҳон миқёсидаги ёшлар қаторига олиб чиқишдан иборат.Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

***
Жиззах шаҳрида 2022 йил учун “Аёллар дафтари” ни 3-босқичини шакллантириш бўйича ўқув семинар ўтказилди. Унда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги вакиллари, оила, хотин- қизлар ва ижтимоий маънавий масалалар бўйича ҳоким ўринбосарлари, сектор котиблари, шаҳар тиббиёт бўлими мутахассислари ва бошқа мутасадди ташкилотлар ходимлари иштирок этди.
Тадбир давомида хатлов натижалари таҳлил қилиниб, “Аёллар дафтари” юзасидан турли саволларга батафсил жавоб берилди.
***
Мирзачўл туманида ёшларнинг илғор ғоя, таклиф ва ташаббуслари билан танишиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича “Прокурор ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда 100 нафардан зиёд ёшлар ва уларнинг ота-оналари ўзларининг муаммолари, таклифлари, ташаббуслари ва мурожаатлари билан қатнашди. Бўлиб ўтган учрашув жараёнида ёшлардан келиб тушган мурожаатларнинг барчаси мутасадди ташкилотларга ижро учун йўналтирилди. Мурожаатлардан бир нечтаси жойида ҳал этилиб, қолганига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
***
Шароф Рашидов туманида ташкил этилаётган спорт беллашувлари фақат айни бир ташкилот, муассаса ёки ёшлар учунгина бўлмай, кенг қамровли соғломлаштириш мусобақалари сифатида ўтказилди. Унда туман фуқаролари, уюшмаган ёшлар, мактабнинг юқори синф ўқувчилари ва кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этди.

Туманнинг 3-сектор ҳудудидаги маҳаллалар ўртасида мини-футбол бўйича турнир ташкил этилиб, унда 1-ўринни “Қораянтоқ”, 2-ўринни “Файзабод” ва 3-ўринни “Оқтош ота” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи уюшмаган ёшлар, юқори синф ўқувчилари ва катта ёшдаги фуқаролардан ташкил топган жамоалар қўлга киритди.Ғолиб ва совриндорлар ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Жиззах вилояти Пахтакор тумани ички ишлар бўлими ташаббуси билан 3-сектор ҳудудида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Шароф Рашидов туманидаги тадбиркорлик субъектларига саёҳати уюштирилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган тадбир давомида пахтакорликлар балиқчилик кластери, гул ва манзарали дарахт кўчатлари етиштириш иссиқхоналари, қуёнчилик ва чорвачиликка ихтисослашган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан таништирилди.

Мазкур жараёнда балиқчилик, боғдорчилик ва чорвачиликни ривожлантириш, томорқадан самарали фойдаланиш ҳамда кредит ва субсидиялар олиш бўйича маълумот ва тавсиялар берилди. 3-сектор раҳбарлари томонидан бу каби тадбирлар вилоятнинг бошқа ҳудудларига ҳам уюштирилиши режалаштирилган.
***
Зомин туманининг 4-сектор ҳудудида ёшлар иштирокида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди. Уюшмаган ёшларнинг ва юқори синф ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини жуда қизиқарли баҳс ва мунозараларга бой бўлди. Билимдонлар “жанги”да 40 га яқин заковатчи ёшлар иштирок этди.

Якуний натижага кўра, 1-ўринни “Туркман” МФЙнинг “Ақилли қизлар” жамоаси, 2-ўринни “Чорвадор” ҚФЙнинг “Билимдонлар жамоаси” ва 3-ўринни “Туркман” МФЙнинг “Балли йигитлар” жамоаси эгаллади.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА