Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Форишда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, маданият, Ёшлар ишлари агентлиги бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида “Келажак эгалари” деб номланган маданий-маърифий тадбир ташкил этди.
Унда “Боғдон”, “Ўзбекистон”, “Қўлба”, Ойбек ва Амир Темур номли маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшлар иштирок этди.
Унда туман маданият маркази бадиий ҳаваскорлик жамоалари – “Парвоз” ва “Тоғ шалоласи” ашула ва рақс халқ ансамбллари ижросида концерт дастури намойиш этилди.
* * *
Жиззах вилоятининг ҳар бир шаҳар ва туманларида аҳолини жорий йил май ойига қадар гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиши бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлишига эътибор қаратилмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоятнинг ҳар бир ҳудудида алоҳида жамғармалар ташкил этилади.
Зомин туманида аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини қондириш, захира маҳсулотлари базасини мустаҳкамлаш, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини доимий назоратга олиш мақсадида туман ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, солиқ ва бошқа мутасадди ташкилотлардан иборат махсус гуруҳ деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари фаолиятини мунтазам назорат қилиб бормоқда.
* * *
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Ғаллаорол туманидаги тиббиёт муассасаларининг ҳолатига, у ерда беморларнинг даволанишлари учун яратилган шарт-шароитлар ўрганилмоқда.

Тумандаги Маржонбулоқ шаҳарчасида жойлашган оилавий шифокорлик пункти тубдан капитал реконструкция қилиниб, ўз фаолиятини бошлади.
Бу ерда беморларнинг стационар даволанишлари учун барча қулайликлар мужассам.
* * *
Жиззах вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ўртасида саф кўриги ва саф тайёргарлиги машғулотлари ўтказилди.
Вилоят ЙҲХБ томонидан бошқарма ходимларига хизматни ташкил этиш тартиби, қонунчиликка риоя қилиш, фуқаролар билан хушмуомала бўлиш ҳамда аҳоли, ёшлар айниқса, болаларга ҳаракат хавфсизлиги қоидалари юзасидан профилактик тадбирлар ўтказишда изчилликни таъминлаш юзасидан йўриқнома берилди.
* * *
Мирзачўл туманида ўқувчиларнинг қишки таътил кунларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, шоулар, турли спорт мусобақалари, рассомчилик, санъат ва китоблар кўргазмаси ташкил этилаётир.

Туман ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, туризм ва спорт, халқ таълими бўлимлари, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида спортнинг баскетбол туридан туман биринчилиги мусобақаси ўтказилган бўлса, маданият марказида иқтидорли ёшлар билан маҳаллий шоир, ёзувчи ва журналистларнинг ижодий учрашуви ташкил этилди.
* * *
Янгиободда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, халқ таълими, Ёшлар ишлари агентлиги, маданият, туризм ва спорт бўлимлари ҳамкорлигида ўқувчиларнинг қишки таътили ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Беш ташаббус” тадбири ўтказилди.
Унда умутаълим мактаблари қошида ташкил этилган тўгаракларда тарбияланаётган ўқувчи-ёшлар Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус бўйича устозларидан олган сабоқларини намойиш этди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА