Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази Жиззах вилояти бўлими томонидан ташкил этилган “Йилнинг энг фаол ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси” ҳамда “Йилнинг энг фаол маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари” танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ушбу танловда Зомин тумани ҳалқ таълими бўлимига қарашли 16-сонли умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Дилбар Данабоева ғолибликни қўлга киритиб, I-даражали диплом билан, шу тумандаги 44-сонли умумтаълим мактабининг маънавий маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, фаол креатив ғоялар муаллифи Нурлан Жабборов фаҳрий ёрлиқ билан тақдирланди.

***
“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан Зарбдор тумани ҳокимлиги ҳамда “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан тумандаги 120 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Шунингдек, туман ҳокими ва ичики ишлар бўлими бошлиғи биргаликда туман тиббиёт бирлашмасининг “Болалар бўлими”га бориб, бўлим фаолияти билан яқиндан танишди ва у ерда даволанаётган болажонларга байрам совғаси улашди.
***
Янгиобод туманида йўллар сифатини яхшилаш ҳамда аҳоли ва транспорт воситалари ҳаракатланиши учун қулайликлар яратиш мақсадида ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” муносабати билан барча маҳалла ва қишлоқларда асосий ва ички йўлларда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, туманнинг 3-секторига қарашли “Ҳавотоғ” қишлоқ фуқаролар йиғини “Чанговул” қишлоғидаги ички йўллар шағаллаштирилиб, соз ҳолатга келтирилди.
Бундан ташқари, тумандаги бошқа маҳалла ва қишлоқларда ҳам асосий ва ички йўлларни таъмирлаш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

***
Зомин тумани ўқувчи-ёшлари Тошкент шаҳрида ментал арифметика бўйича бўлиб ўтган республика кўрик-танловида 1-ўринни эгаллаб, Дубай шаҳрида бўлиб ўтадиган ментал арифметика бўйича ўтиши режалаштирилган жаҳон биринчилигига йўлланмани қўлга киритди.Ғолибларни Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев бу муваффақият билан қутлаб, уларга омад тилади ва қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирлади.
***
Мирзачўл тумани мактабгача таълим бўлимида ўтган 2021 йилда таълим-тарбия самарадорлиги ва ижро интизоми бўйича якуний рейтинг натижаларига кўра “Яшил ҳудуд”га кирган МТТ директорлари ва намунали тарбиячилари мактабгача таълим бўлими мудири томонидан ташаккурнома ва ҳар бирига Тошкент шаҳрида ўтадиган иқтидорли санъакор Ғиёс Бойтоевнинг концерт дастурига чипталар билан тақдирлади.
Туман мактабгача таълим бўлими мудири Ш.Қўқонова барча мактабгача таълим тизими ходимларини 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида рейтингдаги ўринларини йўқотмасликларида омад тилади.
***
Дўстлик туманидаги 3-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг томошалар залида ўқувчиларнинг санъат соҳасида олган билимини синовдан ўтказиш мақсадида йил якунига бағишланган “Академик концерт” дастури ташкил этилди. Тадбирда мактаб ўқувчилари фаол иштирок этди. Дастур сўнггида мактаб маъмурияти томонидан ўқувчи ва ходимларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар берилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА