Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мирзачўл туманидаги IT-CENTER марказида "Ҳоким ёрдамчилари" учун семинар-тренинг ва амалий машғулотлар бўлиб ўтмоқда.
Соҳа мутахассислари томонидан иш олиб бориш тартиблари, аҳолини банд қилиш, янги тадбиркорлик соҳаларини ташкил этишда қайси жиҳатларга эътибор бериш лозимлиги ва бошқа долзарб масалалар ҳақида тушунчалар берилаётир.
* * *
Янги йил байрами арафасида Зафаробод туман марказида аҳолининг бўш вақтларида мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида барпо этилган Алишер Навоий боғи расман фаолиятини бошлади.

Тантанали очилиш маросимида боғда амалга оширилган ўзгаришлар ҳамда жорий йилда туман маркази қиёфасини яхшилаш, ободонлаштириш бўйича қилинган ишлар тўғрисида фикр билдирилди.
Янгидан ташкил этилган ушбу боғнинг тантанали очилиш маросими “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” байрам тадбирларига уланиб кетди.
* * *
Фориш туманида Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят ва туман кенгаши томонидан туман тиббиёт бирлашмаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда тумандаги маҳаллаларда яшовчи “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизлар учун туман тиббиёт бўлимига қарашли кўп тармоқли поликлиникада “Аёл соғлиги – жамият бойлиги” мавзусида лойиҳа тадбирини ўтказди.

Ушбу лойиҳа жараёнида туман хотин қизлари невропатолог, стоматолог, гинеколог, кардиолог, хирург, лор мутахасислари ҳамда ЭКГ ва УЗИ аппаратлари иштирокида бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Ушбу тиббий кўрикда 150 га яқин хотин-қиз, 23 нафар бола, 18 нафар хотин-қиз ўз саломатлиги хусусида тўлиқ маълумотга эга бўлиб, шикояти бўлган аёлларга республика, вилоят ва туман шифохналарига йўлланмалар берилди.
* * *
Тобора яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида Бахмал туманида “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” ҳафталиги доирасида спортнинг фут-зал, шахмат ҳамда strееt Workout турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Беллашув ғолиб ва совриндорлари туман ҳокимли, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда туризм ва спорт туман бўлимларининг диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
* * *
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази туман бўлими ҳамда мудофа бўлими томонидан Ғаллаорол тумани “Мирзабулоқ” қишлоқ фуқаролар йиғини “Қизилқўрғон” қишлоғида яшовчи иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиси Атобой бобо Амонов хонадонида бўлиб, отахоннинг ҳолидан хабар олинди.

Атабой бобонинг саломатлиги тиббий кўрикдан ўтказилиб, уруш қатнашчисига Янги йил байрами совғалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар жамланмаси топширилди.
* * *
Арнасой тумани “Янги бўстон” МФЙда 11-синф ўқувчилари ўртасида “Касблар дунёси” кўрик-танлови ўтказилди.

Танловда иштирокчилар дастлаб “Ўзини таништириш” – яъни танлаган касблари, Олий таълим муассасалари ва унга кириш йўлида тайёргарлик шартида беллашди.
Сўнг “Савол – жавоб” қилиниб, “Янги йил дастурхони ва арчасини безатиш”, “Мактаб битирувчиларининг келажаги” мавзусида ўқувчилар томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА