Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини оммавий ахборот воситалари ва депутатлар орқали аҳолининг кенг қатламига етказиш мақсадида Арнасой туман касб-ҳунар мактабида пресс-тур ўтказилди.
Унда иштирокчилар касб-ҳунар мактабида янги очилган “Тракторчи – машинист ва қишлоқ хўжалик техникаларига ўқитиш”, “Тикувчилик”, “Қандолатчилик” ва “IT Park” каби ўқув курсларида яратилган шарт-шароитлар юзасида мутасаддилар билан суҳбатлашиб, у ерда таҳсил олаётган ёшлар учун ажратилган ётоқхона ва яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.

* * *
Жиззах шаҳарида Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан умумтаълим мактабларининг 9-11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда Фориш туманидаги 55-сонли умумтаълим мактабининг “Адолат” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллаб, республика босқичига йўлланмани қўлга киритди. Энди форишлик ўқувчилар ушбу кўрик-танловнинг республика босқичида нафақат туман, балки Жиззах вилояти шарафини ҳам ҳимоя қилади.

* * *
Фориш тумани “Қизилқум” МФЙда “Ички ишлар вазирлиги кубоги” учун оилалар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича туман босқичи мусобақалари бўлиб ўтди.
Барча оилалардан устунликка эришган “Оқ том” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Азамат Жуманазаровлар оиласи ИИВ кубоги учун ўтказилган мусобақанинг туман босқичи ғолиби бўлди.

* * *
Зомин туман ҳокими ташаббуси билан Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик уйи”дан ўз яқинлари бағрига қайтарилган 2 нафар боқувчисидан айрилган тумандаги “Мустақиллик” МФЙда яшовчи, вояга етмаган Озодбек Рисқулов ҳамда “Дуобо” ҚФЙда яшовчи, вояга етмаган Нодирбек Тўғизбоевнинг ҳолидан хабар олинди.
Туман ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими вакиллари янги йил арафасида уларнинг яқин қариндошларига озиқ-овқат маҳсулотлари ва ўзларига эса иссиқ кийим-кечаклар туҳфа этди.

* * *
Республика Маънавият ва маърифат маркази Дўстлик туман бўлинмаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Қадриятлари қадр топган она Ватаним, Жиззахим!” шиори остида халқ миллий ҳунармандчилик, фольклор жамоалари, миллий кийимлар кўргазмаларидан таркиб топган “Миллий қадриятлар фестивали” кўрик танловининг туман босқичи ўтказилди.
Миллий фольклор жамоалари ўртасида ўтказилган танловда Манас МФЙнинг Маданият саройи фольклор жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади.
Ушбу тарбирда туман кутубхона маркази томонидан намойиш этилган Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан ўрин олган китоблар кўргазмаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
* * *
Мирзачўл туман прокурори, 2-сектор раҳбари 14-мактабда шу мактабнинг 11-синф ўқувчилари билан ўтказилган учрашувда иштирокчиларга “Прокуратура органларининг шаклланиш тарихи” мавзусида очиқ дарс ўтди ва ушбу учрашув жараёнида ўқувчиларга келгуси йил олий ўқув юртларига кириш бўйича тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, тадбир давомида ёшлар ўртасида жиноятчилик, гиёҳвандлик, эрта турмушнинг олдини олиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича чора-тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш юзасидан Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими ва мактаб раҳбариятига аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Учрашув якунида сектор раҳбари ўқишда фаол бўлган ўқувчиларга бадиий адабиётлар совға қилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА