Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши томонидан “Йилнинг энг фаол етакчиси” кўрик-танлови ўтказилди. Ушбу танловнинг секторлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 8 нафар ёш ўзаро куч синашди.
Танлов якунига кўра, тумандаги 2-сонли умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси мутлоқ ғолиб бўлиб, вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
* * *
Бахмал туманининг “Ўрмончи” маҳалла фуқаролар йиғинида “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” лойиҳаси доирасида “Ёшлар фестивали” бўлиб ўтди.

Фестивал доирасида велосипедда ва саломатлик учун пиёда юриш марафонлари, спортнинг мини-футбол, шахмат ва миллий кураш мисобақалари, ёш эстрада қўшиқчи ҳаваскорларининг мусиқий чиқишлари, расмлар танлови беллашувлари ўтказилди. Шу ҳудудаги “н” ҳарбий қисм хизматчилари томонидан тайёрланган қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлар ва ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиши тадбир иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. Тадбирда 13 минг нафарга яқин маҳалла ёшлари иштирок этди.
* * *
Жиззах шаҳридаги “Жиззахлик” маҳалласида “Ўзбекистон ёшлар форуми – 2021” доирасида шу ҳудудаги “Ёшлар дафтари” рўйхатида турган ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирокида “Келажакни бирга қурамиз, бирлашсак Янги Ўзбекистон бўламиз!” шиори остида спортнинг стол тенниси, бадминтон, шахмат, шашка турлари, қопда сакраш қизиқарли универсал ўйинлари ҳамда “Ёш китобхон оила” викторинаси ўтказилди.

Ғолиб, совриндор ва энг фаол иштирокчилар рағбатлантирилди. Тадбирлар шаҳарнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.
* * *
Зомин туманида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” шиори остида ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, баркамол шахсни тарбиялашда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида “Зукко китобхон” танлови бўлиб ўтди. 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилган ушбу танловнинг туман босқичида китобхонликка қизиққан 4 та сектор жамоаси иштирок этиб, якунда 1-секторнинг “Ёш китобхонлар” жамоаси 1-ўринни эгаллади ва вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
* * *
Мирзачўл тумани кураш федерацияси ижрочи директори Н.Латиповнинг хабар беришича, жорий йилнинг 11-12 декабрь кунлари Қирғизистон Республикасида спортнинг дзюдо тури бўйича 2005-2007 йилларда туғулган ўсмирлар ўртасида Ўрта Осиё ва Қозоғистон кубоги мусобоқасида Жасурбек Шакарбоев муваффақиятли иштирок этган. Жасурбек Шакарбоев татамига чиққан барча рақиларини курагини ерга текказиб, Ўрта Осиёда тенгсиз эканини исботлади.
* * *
Фориш туман Ахборот кутубхона маркази ва 1-сонли умумтаълим мактаби ҳамкорлигида асли форишлик иқтидорли адиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон)нинг хотирасига бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Унда ёзувчининг “Ойнур” ва “Ўлмас қоялар” китобларининг тақдимоти ўтказилди. Тадбир давомида ёшлар адибнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, асарларида кўтарилган ғоялар билан яқиндан таништирилди.
***
Янгиобод тумани 3-сектор масъуллари ташаббуси билан “Чаканд” қишлоғидаги 6-сонли умумтаълим мактабида Ички ишлар вазири соврини учун “Соғлом ва баркамол оила” шиори остида спорт мусобақалари ва китобхонлик беллашувлари бўлиб ўтди.

Унда “Дўстлик” МФЙ ҳамда “Ҳавотоғ” ҚФЙда яшовчи 3 та оила аъзолари “Энг яхши соғлом ва баркамол оила” деб номланган оилавий спорт беллашувларида стол тенниси, “Қувноқ стартлар”, шахмат, шашка ва бадминтон мусобақалари, 4 та оила аъзолари “Энг яхши маънавий етук оила” китобхонлик беллашувлари бўйича “Энг яхши китобхон оила”, “Ёш китобхон”, “Мен севган асар қаҳрамони”, “Баҳру байт” тез айтиш ва “Темур тузуклари билимдони” шартлари асосида беллашди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Ғаллаорол ва Бахмал туманлари аҳолисининг узоғини яқин қилишга хизмат қилган “Сангзор” дарёси устидаги кўприк таъмирталаб ҳолатга келиб қолган эди. Узунлиги 82, эни 14 метрни ташкил этувчи ушбу кўприк 8 миллиард 200 миллион сўм маблағ эвазига “Фаровон йўл сервис” МЧЖ қурилиш фирмаси томонидан янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди.

50 йил давомида халққа хизмат қилган кўприкдан кунига 2,5-3 минг атрофида автоулов ҳаракатланади.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА