Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” шиори остида “Менинг Президентим” мавзусида иншолар танловининг иккинчи босқичи ўтказилди.
Якуний хулосаларга кўра, тумандаги 56- умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Динара Акрамова биринчи, 57-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Шоҳсанам Бурхонова иккинчи ва 66-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Шаҳноза Қаршибоева 3-ўринни эгаллаб, туман халқ таълими бўлимининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Республика Маъавият ва маърифат маркази Бахмал тумани бўлинмаси томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Зукко китобхон” танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Танловда тумандаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Бибиойша Абдурасулова биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, ушбу танловда 6-IDUM ўқувчиси Зарина Ҳазратқулова иккинчи ва 52-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сожида Искандарова учинчи ўринни эгаллади. Ғолиблар ташкилотчиларнинг диплом, мақтов ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

***
Жиззах шаҳрида “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” республика танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу танлов юртимизда юқори натижаларга эришаётган иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Танлов эртамиз эгаларини замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида вояга етказишда кўмак бериши шубҳасиз.
Мазкур танловда Фориш туманидаги 1-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Муҳлиса Келдибекова 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

***
Фориш туманидаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳар бир оиланинг турмуш тарзи, ишсизликни, аҳоли муаммоларини ўрганиш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, томорқадан фойдаланиш ҳолатини уйма-уй юриш орқали ўрганиб чиқиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, мутасадди корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари, ҳоким ёрдамчиларидан иборат ишчи-гуруҳлари ўз фаолиятини дастлаб ҳудуддаги “Оқтепа” МФЙдан бошлади.
Фориш туман ҳокими Икром Матиев ишчи гуруҳ аъзоларининг вазифаларини бажаришини назорат қилиб, улар томонидан ўтказилган ўрганишлар ҳар куни кечқурун туман ҳокимлигида мувофиқлаштириб борилишини таъкидлади.
***
Зафаробод туманининг “Ёрқин” ШФЙ ҳамда “Бирлик” ҚФЙ ҳудудларининг 20 мингдан ортиқ аҳолисини анчадан буён ичимлик сув муаммоси қийнаб келаётган эди. Бунга сабаб Пахтакор туманидан ушбу ҳудудларга 1967 йилда тортилган магистрал ичимлик сув тармоғи бугун ўз яроқлилик муддатини ўтаб бўлганлигидир.
Ушбу муаммони ҳал этиш тўғрисида 2022 йилги Давлат дастурларига киритилган таклифга асосан Зафаробод туман ҳокими “Ўзсувтаъминот” АЖ ва “Жиззах сув таъминоти” МЧЖ маъсуллари билан ушбу ҳудудда ичимлик сув тармоғини капитал таъмирлашни лойиҳалаш ва тармоқ йўналишини белгилаш бўйича келишиб олди.

***
Зарбдор тумани сектор раҳбарлари “Нурафшон” МФЙда “хонадонбай” юриб, аҳоли ва ёшлар билан учрашиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида, қабул қилинган қонун ва қарорлари етказилиб, уларнинг мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилмоқда.
Ёшлар билан учрашувлар чоғида Президентимиз томонидан уларга ҳар жиҳатдан катта имкониятлар яратилиб берилаётгани, бу имкониятлардан тўлиғича фойдаланиш лозимлиги таъкидланди.
“Лидер тадбиркорлар” фаолиятини янада кенгайтириб, янги иш ўринларини яратиш, томорқадан унумли фойдаланиш, доимий иш ўринлари яратиш, ўзини ўзи банд қилиш ва келажакда даромадларини ошириш ҳамда муаммолар билан танишиб, уларни бартараф этиш бўйича “Ёшлар ишлари агентлигининг маҳалладаги вакиллари” ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар, ёшларга эса йўналишлар берилди.
***

Зомин тумани 2-сон касб-ҳунар мактабида “Зўровонликка йўл йўқ” мавзуида тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар ҳамда МФЙ раисларининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчилари – Зомин туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Нигора Омонова ҳамда туман ҳокимлиги ёшларни ҳимоя қилиш шўъбаси мудири Ориф Жониқуловларнинг аниқ далил ва мисоллар билан йўғрилган “Зўровонликка йўл йўқ” мавзусидаги маърузаларини катта қизиқиш билан тинглади.
***
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 йиллиги байрами шарафига Президентимизнинг жорий йил 11 мартдаги “От спортини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги ҳамда туман туризм ва спорт бўлими ташаббуси билан ёш чавондозлар ўртасида улоқ-кўпкари беллашувлари ташкил этилди.
Улоқни маррага ҳалол ташлаган ёш полвонлар қўлга киритган солинларидан ташқари, ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА