Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманидаги “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 6 ва 15-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун 2 тонналик сиғимга эга тоза ичимлик суви сақлаш бочкаси қўйилиб, сувни тортиб берувчи матор ўрнатилмоқда.
Ушбу тоза ичимлик сув учун “Ҳелково Агрохим Узбекистан” Россия – Ўзбекистон қўшма корхонаси директори Анвар Мирзаев шахсий маблағи ҳисобидан 27 миллион сўм молиявий ёрдам кўрсатди.

***
Бахмал туманидаги “Оқтош” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Нурмуҳаммад Султонбек” фермер хўжалигида жорий мавсум ҳисобига 6 тонна сифатли ва парҳезбоп товуқ гўшти ишлаб чиқарилди.
Ушбу фермер хўжалиги 10 минг дона бройлер жўжа етиштиришга мўлжалланган. Жорий йилнинг 1 июлига қадар 7 минг дона жўжа парваришланган бўлиб, қарийиб 6 тонна товуқ гўшти ишлаб чиқарилган. Хўжаликда айни пайтда 10 минг дона бройлер жўжа белгиланган барча рацион асосида парваришланмоқда.

***
Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши ташаббуси билан Дўстлик тумани далаларида пахта йиғим-теримида иштирок этаётган “Терим отрядлари”да касаба уюшмаси ташкилоти тузилди.
Пахта йиғим-теримига келган теримчи ва ҳашарчиларнинг шарт-шароитлари ўрганилиб, терим отрядларида касаба уюшмаси ташкилотини тузиш ва отряд касаба уюшмаси ташкилотчисини сайлаш масаласи муҳокама қилинди. Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгашининг мутахассислари теримчиларни ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида маълумот ва тушунчалар берди.
Теримчи ва ҳашарчилар томонидан “Терим отрядлари”да касаба уюшмаси ташкилоти тузилди.

***
2021-2022 ўқув йилида Жиззах вилоятидаги Президент мактабига энг кўп ўқувчиси кирган мактаблар маълум қилинди.
Жиззах вилояти 22-сонли IDUMнинг 14 нафар ҳамда Жиззах шаҳридаги VXTV тизимидаги “Умид” ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернатининг 13 нафар ўқувчиси Президент мактабига қабул қилинган.

***
Зарбдор туманида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг оилавий аҳволини яхшилашга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Шуҳрат Деҳқонов бошчилигида тумандаги 4 та сектор раҳбари ҳамда сектор котиблари ва масъул ташкилотлар иштирокида “Аёллар дафтари” бўйича олиб борилган ишлар ўрганилди. Бу борада янада самарали натижага эришиш бўйича тавсиялар берилди.
***
Зафаробод тумани ҳокими Н.Раджапов ҳамда туман прокурори Д.Бойназаров С.Рахимов сув истеъмолчилари ҳудудида пахта йиғим-термимига қўшни вилоятлардан келган ҳашарчи теримчилари билан учрашиб, яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ҳашарчиларнинг саволларга батафсил жавоб берди.
Туман ҳокими, туман прокурори ва "Жиззах Кентекс" пахтачилик кластери раҳбари илғор теримчиларга ҳамда ҳудудда пахта сотиш шартномавий режасини 100 фоиздан ошириб бажарган 2 та фермер хўжалиги раҳбари ва йиғим-теримда фаол иштирок этаётган ҳашарчиларга рағбатлантирувчи ва эсдалик совғалари топширди.
Туман маданият бўлимининг хушовоз хонандалари ўзларининг шўх қўшиқлари билан теримчиларга хуш кайфият улашди.
***
Зомин туманида ёшларнинг сайлов ҳақидаги билимларини ошириш учун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ёш сайловчи – 2021” форуми ўтказилди.
Тумандаги “Пешағор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 20 га яқин қишлоқ ёшларининг 100 нафарига 50 сотихдан ер ажратилган бўлиб, ёшлар ажратилган ушбу ер майдонига маккажўхори экиб, 20 миллион сўмдан ортиқ даромат олиш ниятида.
Барча агротехник тадбирлар тажрибали мутахассислар томонидан назоратга олинган.
***
Мирзачўл тумани ҳудудида жойлашган “н” ҳарбий қисм хизматчилари Гагарин шаҳридаги 7-мактабгача таълим ташкилотида бўлиб “Мен ҳам ҳарбий бўламан” шиори остида давра суҳбати ўтказди.
Кўтаринки руҳ ва хуш кайфиятда ўтган тадбир давомида болажонларга ҳарбий хизматчилар томонидан ўқув қуроллари ва китоблар тўпламлари совға қилинди.
***
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Фориш тумани бўлимида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизларни ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги суд раислари ҳамда мажбурий ижро бюроси туман бўлими томонидан сайёр қабул ташкил этилди.
Туманда 1 минг 50 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 83 нафари ҳуқуқий маслаҳатга муҳтож бўлган аёллар ташкил этади.
Сайёр қабулда иштирок этган хотин-қизлар уй-жойни расмийлаштириш, мерос масаласи, никоҳни расмийлаштириш, ажрим, алимент ундириш каби 10 дан ортиқ ҳуқуқий йўналишлардаги саволларига жавоб олди.
***
Шароф Рашидов туманида ҳар ҳафтанинг жума куни – “Ўзбек тили куни” этиб белгиланган.
Шу муносабати билан жума куни туманнинг барча ташкилот, корхона ва муассасаларидаги меҳнат жамоалари соф ўзбек адабий тилда сўзлашишга, иш юритиш ҳужжатларининг янги қолипларини ўрганишга, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзишга алоҳида эътибор қаратилди.
***
Янгиобод тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Иброҳим Қаршибоев Совот қишлоқ фуқаролар йиғинида аҳоли билан сайёр қабул ўтказди.
Туман аҳолисининг тиббиёт, ижтимоий ёрдам, ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш каби масалалар юзасидан 20 га яқин мурожаат ва таклифлари тингланди. Ушбу мурожаатларнинг 6 таси жойида ҳал этилиб, қолган мурожаатларнинг амалий ечими юзасидан тегишли ташкилот ва масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси туман раҳбари томонидан назоратга олинди.
Учрашув сўнгида маҳалланинг фаол ва ташаббускор фуқароларига туман ҳокими томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА