Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 24 август куни экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил ҳудудларни кенгайтириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳадаги муаммо ва камчиликлар муҳокама этилиб, экологик ҳолатни яхшилаш ҳамда яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича мутасаддилар зиммасига муҳим вазифалар юклатилган эди.
Жиззах вилояти Янгиобод туманида мазкур вазифалар ижроси юзасидан биринчи босқич ишлари бошлаб юборилди. Жумладан “Совот” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи автотраспорт йўли ёқасининг 5 километрида яшил ҳудуд ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирда манзарали дарахт кўчатлари экиш учун жой ҳозирлаш ишлари бошланди.
***

Ғаллаорол туманидаги Ғофур Ғулом номидаги маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 25-сонли умумий ўрта таълим мактабида ижодий, маданий тарғиботчиларнинг семинари ташкил этилди.

Ушбу тадбирда туманидаги 90 та умумтаълим мактабининг ижодий маданий тарғиботчилари иштирок этди. Танқидий руҳда ташкил этилган тадбирда жорий йилнинг ўтган даврида масъул ходимлар томонидан амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, янги ўқув йилидаги вазифалар ижроси юзасидан қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
***
Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Саидовлар шаҳар фуқаролари учун сайёр қабул ўтказди.

Ушбу сайёр қабулда фуқаролар томонидан жами 42 та мурожаат бўлиб, шундан 11 таси уй-жой ва уй-жой таъмири, 9 таси контракт тўловлари, 7 таси моддий ёрдам ва 15 таси бошқа масалалар бўйича бўлди.

Мазкур қабул давомида кам таъминланган оилаларга ер ажратиш, ер-мулк солиғи, банкдан кредит олиш, уй-жойни расмийлаштириш, тадбиркорлик фаолияти, ишга жойлашиш каби масалалар бўйича қилинган мурожаатларга тегишли қонунчилик ҳужжатлари билан асосланган ҳолда адлия бошқармаси бошлиғи Ш.Саидов томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Муддат талаб қиладиган масалалар бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
***
Арнасой туман бандликка кўмаклаши маркази директори О.Норбўтаев ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш туман бўлими бошлиғи Г.Ҳайдаровалар “Фарғона” сув истеъмолчилари уюшмасидаги “Соттиев Сардор” ва “Кўҳна Урганч” фермер хўжаликларида пахта йиғим-теримига Фарғона вилоятидан келган ҳашарчилар ҳолидан хабар олиб, уларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди ва терилган пахта учун тўланадиган ҳақни назорат қилди.

Ушбу фермер хўжаликларида етиштирилган пахта йиғим-теримига ўз ҳиссаларини қўшаётган фарғоналик ҳашарчилар назоратчиларга ҳар куни эрталаб сарёғ, шакар, нон ва чой, тушлик ва кечга 2 маҳал тўйимли иссиқ овқат тарқатилаётганини, ҳар 5 кунда терган пахталарининг ҳар килосига 1 минг 430 сўмдан берилаётганлиги, ҳашарчиларга қаратилган эътибордан миннатдор эканларини айтдилар.
***
Самарқанд шаҳрида мактаб ўқувчи қизлари ўртасида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган республика очиқ биринчилигида Жиззах вилояти шарафини ҳимоя қилган Зарбдор тумани қизлар жамоаси зафар қучди.
Ушбу беллашувда иштирок этган 14 нафар зарбдорлик ёш гимнастикачиларнинг чиқишлари ҳакамлар томонидан юқори баҳоланиб, умумжамоа ҳисобида республика бўйича 1-ўринни қўлга киритди.

Беллашув ғолиби бўлган бадиий гимнастикачи қизлар мусобақанинг диплом ва медаллари билан тақдирланди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА