Жиззах вилоят хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилоят адлия бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан Янгиобод туманида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларга нисбатан иммунитетини шакллантиришга қаратилган “Тенгдошимга ҳуқуқий ёрдам” тарғибот тадбири ташкил этилди.
Тадбир давомида ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш, қонунларга ҳурмат, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳамда ватанпарварлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган маълумотлар, қонунчиликда белгиланган имтиёзларнинг мазмун- моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
[gallery-21367]
Тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
***
Жиззах шаҳрида камбағалликни қисқартириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида олиб борилаётган ишлар вилоят прокурори Б.Иброҳимов томонидан атрофлича ўрганилди.
Шаҳардаги “Кунлик меҳнат маркази”да иш изловчилар учун яратилган зарур ижтимоий-маиший шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, мурожаатга келган фуқаролар билан уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари бўйича суҳбатлашилди.
Ўрганишлар давомида 16 нафар иш изловчи ўз хоҳишига кўра ишга жойлаштирилган бўлса, қолган фуқароларнинг доимий бандлигини таъминлаш чораларини кўриш, оилавий даромадини ошириш, ҳудудда янги иш ўринларини яратиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
***
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Аёллар дафтари”нинг 6-босқичи бўйича Ғаллаорол тумани ҳудудидаги 35 та маҳалла фуқаролар йиғинида “маҳалла еттилиги” томонидан хонадонма-хонадон юриш орқали 30 ёшдан ошган, вақтинча ишсиз бўлган хотин-қизлар хатловдан ўтказилиб, анкета сўровномалари тўлдирилмоқда.
Ушбу хатловлар жараёнида оилалардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ва эҳтиёжманд хотин-қизларни аниқлаб, уларни “Аёллар дафтари”га киритиш ҳамда ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаш ишлари амалга оширилмоқда.
***
Mирзачўл туманида Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан семинар бўлиб ўтди.
Республика ишчи гуруҳи масъуллари томонидан қишлоқ хўжалиги экинлари экиб келинаётган майдонларнинг дала четларидан унумли фойдаланиш, турли хил экспортбоп экинлар, мевали дарахтлар – гилос, беҳи, жилон жийда ва узум кўчатларини тўғри танлаш, экиш ҳамда парваришлаш бўйича зарур тавсия ва тушунтиришлар берилди.
***
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров ва Зарбдор тумани ҳокими Бегзод Тошпўлатов мутасадди раҳбарлар иштирокида тумандаги “Нурафшон” МФЙ фуқаролари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Унда асосий эътибор ҳудудда “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонлари асосида амалга оширилаётган ишларга қаратилди. Чунончи, ҳудуддаги 3 та кўп қаватли уйнинг томи янгиланиб, ташқи қисми бўялиши, мазкур бинолар қаршисида тандирхоналар ҳамда болалар майдончаси барпо этилиши, қишлоқ врачлик пункти ва тез тиббий ёрдам бўлими таъмирланиши маълум қилинди.
Шунингдек, маҳаллага 1 та трансформатор ҳамда 60 та темир-бетон устун ўрнатилиб, электр тармоқлари тортилади. 11,5 километрлик ичимлик суви қувурлари алмаштирилиб, сув сақлаш иншоотига 2 та насос ўрнатилади. Иккита асосий ички йўл таъмирдан чиқарилади, 15 та кўчага шағал ётқизилиб, 1 километр узунликда пиёдалар йўлаги қурилади.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири