Жиззах вилоят судида маънавият куни
Китоб, театр, миллий ва маданий мерос, муқаддас қадамжолар инсон маънавияти ва дунёқарашининг юксалишида муҳим аҳамият касб этади. Юксак маънавиятли инсоннинг эса жамиятдагиларга фойдаси тегиши ўз исботини топган реал ҳақиқатдир.
Жиззах вилояти суди ташаббуси билан судья ва суд аппарати ходимларининг билим ва маънавиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида мунтазам равишда маънавий-маърифий ва маданий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Вилоят суди раисининг ўринбосари Р.Орзиқулов раислигида видеоконфренцалоқа режимида ўтказилган тадбирда вилоят суди судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари, судьялари, суд аппарати ходимлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят судининг судьяси катта ёрдамчиси И.Холматова атоқли шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва адабий фаолиятига атрофлича тўхталиб, унинг ғазалларидан парчаларни ёддан ўқиб берди.
Сўнгра вилоят суди судья катта ёрдамчиси А.Саитхонов раҳбарлигида Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романи мазмун-моҳиятига бағишлаган давра суҳбати баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтиб, иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, вилоят туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Қўшоқовнинг слайдлар орқали Жиззах вилоятидаги миллий ва маданий мерослар, муқаддас қадамжолар ва туристик объектлар ҳақида иштирокчиларга берган батафсил маълумотлари барчанинг диққатини ўзига тортди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олди.
Театр – ҳаёт кўзгуси, ибрат маскани ҳисобланади. Куннинг иккинчи ярмида суд фахрийлари, судья ва суд аппарати ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, “Ҳайрат ул-аброр” спектаклини томоша қилди.
Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг ушбу дурдона асари ҳазратнинг бугунги авлодларига қолдирган буюк адабий бой меросидир. Спектаклда акс этган имон, саховат, қаноат, вафо, тўғрилик каби эзгу фазилатлар тадбир иштирокчиларига алоҳида маънавий завқ бағишлаганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Вилоят суди томонидан ташкил этилган маданият ва маърифат тадбирлари судья ва суд аппарати ходимларининг маънавиятини юксалтириш, китобга, театрга, тарихий ва маданий меросимизга бўлган иштиёқини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари