Жиноятлар “маҳаллабай” муҳокама қилинди
Бухоро вилояти Вобкент тумани ҳокими Фарҳод Умаров ҳудудларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир, жиноятлар кўп содир этилган “қизил” тоифага киритилган маҳаллаларга бориб жиноятчилик ҳолатини жойида муҳокама қилмоқда.
Туман ҳокими, бир қатор масъуллар, маҳалла мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган тадбирнинг навбатдагиси “Чармгарон” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилди.

Мазкур маҳаллада жорий йилнинг бугунги кунига қадар фуқаролар ва ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар “маҳаллабай” кесимида муҳокама қилинди. Маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Муҳокамада жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида сектор раҳбари, маҳалла мутасаддилари, профилактика инспектори ва бошқа масъул идоралар томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар танқидий кўриб чиқилди. Маҳаллада келгусида оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар, айниқса, оилавий жанжалларни олдини олиш мақсадида “фуқаробай”, “оилабай” ва “хонадонбай” тизими, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги юзасидан аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.