Жиноятга жазо муқаррар
Ҳеч бир инсон жиноятчи бўлиб туғилмайди.
Аммо, маънавияти нуқсонли бўлган киши борки, хатти-ҳаракати оқибатини ўйламай иш қилиб, жиноятчи, деган тамғани орттириб олади.
Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган жиноят тафсилоти иштирокчилари ҳам бир оилага бош, кимнингдир отаси, яна бир умидвор муштипар онанинг дилбанди, қариганимда суянч бўлади деган умидда улғайтирган отанинг ўғли.
Афсуски, жиноят йўлини танлаган йигитлар жисмонан соғлом, тоғни урса талқон қиладиган ёшда. Бироқ, улар оғирнинг устидан, енгилнинг остидан ўтишни афзал кўрган одамлар.
Ядгаров Абдуғаффор Мухамадович 1986 йил 17 июлда Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 4 нафар фарзанди бор, муқаддам 2 марта судланган.
Дўстинг кимлигини айт, мен сенга кимлигингни айтаман, дейилган пурмаъно ҳикмат бежизга айтилмаган. Ойбек Ҳайдаров, Азизбек Азимов, Бекзод Холиқовлар Абдуғаффор Ядгаровнинг жиноий шериклари ҳисобланади. Уларнинг таржимаи ҳоллари билан танишганда шубҳасиз, “кўр-кўрни қоронғуда топарканда”, дейсиз. Жиноий гуруҳдагиларни бир-бирига боғлаб турган “ип” улар автомобиль савдоси билан шуғулланади.
2018 йил сентябрь ойида “Бухоро транспорт логистик” МЧЖ номида бўлган 2018 йилда ишлаб чиқарилган “Кобальт” русумли автомашинани Б.Холиқов А.Ядгаровга 12.500 АҚШ долларига сотади. Автомашинанинг келишилган нархдаги пулларини Б.Холиқовга бермай туриб А.Ядгаров ўзининг таниши Ш.Чариевга 15 минг АҚШ долларга пуллайди. А.Ядгаров Ш.Чариевдан олдиндан 3000 АҚШ долларини олади. Қолган 12 минг АҚШ долларини 2 ойда бераман, деб келишган Шуҳрат Чариев айтилган вақтда пулларни бермайди. Пул пулни топади, бепул бош оғриқни орттиради, деганларидек ҳамма муаммо шундан бошланади.
2018 йилнинг 4 ноябрдан 5 ноябрга ўтар кечаси кеч соат 00-30 ларда Бухоро шаҳар Газли шоссесида жойлашган Бухоро-Хоразм йўналишидаги А-380 йўлидаги янги қурилган кўприкка Ш.Чариевни олиб бориб кўприк устидан ташлаб юбориш ва бошқа қаттиқ чоралар билан жазолашини айтиб қўрқитади.
Хайдаров Ойбек Бешимович 1990 йил 17 июлда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, 4 нафар фарзанди бор, муқаддам судланган.
Азимов Азизбек Самадович 1986 йил 1 ноябрь куни Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, муқаддам судланган.
Холиков Бекзод Раджабович 1985 йил 23 февралда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, 5 нафар фарзанди бор, муқаддам 4 марта судланган.
Абдуғаффор Ядгаров Шуҳрат Чариевга автомашина пулидан ташқари яна 2000 АҚШ доллари қарздор эканлигини уқтиради. Ўша тунда ҳаёти хавф остида қолаётганлигини билган Шуҳрат Чариев 2000 АҚШ долларини беради. Аммо, нафси ҳакалак отган товламачилар 5 ноябрь куни соат 17-00 га қадар пулларни келтирмаса, ўзлари ўйлаб топган “усул”да жазолашмоқчи бўлишади. Аёнки, айтилган пулни Шуҳрат Чариев келтира олмайди. Қарздор чорасиз қолган йигитни босқинчилар тинч қўйишмайди.
Кеч соат 23-00ларда Бухоро шаҳар Баҳоуддин Нақшбанд ва Газли кўчалари кесишмасида жойлашган “Нью -Йорк” кафесига чақиришади. Жиноий гуруҳ аъзолари А.Ядгаров, Б.Холиқов, А.Азимов ва бошқалар Б.Холиқов бошқарувида бўлган “Каптива” автомашинасига Ш.Чариевни миндириб, Бухоро Халқаро аэропорти ҳудудига туташ бўлган Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳига олиб борувчи йўлга олиб боришади.
Инсонийлик, диёнат деган тушунчаларни тамоман унутган товламачи, босқинчилар Ш.Чариевни ўлдириб, кўмиб ташлаш билан қўрқитиб, қарзни кечикиб тўлаётганлиги учун 4000 АҚШ доллари устама яъни жиноятчилар тилида айтганда “груз” тўлашни талаб қилишади.
Жиноий гуруҳ бошида турган Абдуғаффор Ядгаров 2018 йилнинг декабрь ойида “ўлжаси” Шуҳрат Чариевни ўзи яшаб келган Бухоро шаҳари Шайхон массивидаги уйига чақиртириб олади. Айтилган пулни, айтилган вақтда келтирмаган Шуҳрат Чариевни уриб унга тан жароҳати етказади.
2019 йил январь ойида “Кобальт”ни Шуҳрат Чариев орқали Ўткир Баратовга 8 минг 300 АҚШ долларига пуллайди. Автомашина Ўткир
Баротов номига расмийлаштирилади. Фалакнинг гардишини қарангки, Шуҳрат Чариев қамоққа олинганлигини эшитган Абдуғаффор Ядгаров фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига мурожаат қилиб мазкур автомашинани эгалигига олиш ҳақидаги 2019 йил 23 декабрь кунидаги ҳал қилув қарорини чиқаришга ҳамда МИБ ходимлари орқали автомашинани қайтариб олишга ҳам эришади.
Шахсий манфаат йўлида қинғир йўллар билан бўлсада, бойлик орттиришга эришишда қонунларни ҳам чалғитишга уринган Абдуғаффор Ядгаров ҳамда унинг жиноий шериклари ноқонуний ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб бериши ҳақида умуман ўйламаган эди.
Қонунларни менсимасдан қабиҳ ишларини давом эттирган жиноий гуруҳ аъзолари Абдуғаффор Ядгаров ва бошқалар тадбиркор Баҳодир Кабиловни алдаб, ишончини суиистеъмол қилишади. Ғишт заводи ишини юритиш учун олган 10 минг АҚШ долларини ўз вақтида қайтармаганлиги учун Баҳодир Кабиловни ўлдириб юбориш билан қўрқитиб ғишт заводини ўзлаштириб олишади.
Бухоро вилояти суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 31 мартдаги ажрими билан А.Ядгаровнинг айбидан ЖКнинг 105-моддаси чиқарилиб, жазо муддати 5 йил 1 ойга келтирилган ҳамда судланувчилар А.Ядгаров ва Х.Холиқовдан жабрланувчи Ш.Чариевга солидар тартибда 20 миллион 949 минг 960 сўм ундириш белгиланган, ҳукмнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.
Судланган А.Ядгаров ва Б.Холиқовнинг айби жабрланувчилар Ш.Чариев, Ў.Баротов, гувоҳлар Б.Норов, С.Джумаев, Н.Хамраев, Ш.Хамроевларнинг кўрсатувлари, юзлаштириш баённомалари, телефон қўнғироқларининг кириш-чиқиш маълумотлари ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан исботланган.
Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 6 августдаги ажрими билан судланувчилар ва адвокатнинг шикояти асосида апелляция инстанцияси судининг ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция тартибида кўриб чиқиш учун юборилган.
Суд Абдуғаффор Ядгаровга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддаси билан 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлади.
Мана кўза кунда эмас, кунида синадиган кун келди. Қонуннинг қўли узун, нигоҳлари ўткир. Унинг назаридан, қатъий талабидан, қолаверса, жазодан қочиб қутилиб бўлмайди.
Зариф Комилов, ЎзА