Жиноятчиликка барҳам бериш – муҳим вазифа
Юртимизда маҳалла институтининг роли ва аҳамияти тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Миллий қадриятларнинг бешиги саналган ушбу масканда ҳукм сурадиган соғлом маънавий муҳит жамият фаровонлигининг таянчи бўлиб хизмат қилади.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида профилактика инспекторлари томонидан ҳар бир оила ва хонадондаги муҳитни ўрганиш, ҳуқуқбузарлик содир этилишига таъсир этувчи омиллар ва муаммоларни бартараф этиш, “хавфсиз хонадон”, “хавфсиз ҳовли” тизимини йўлга қўйиш каби устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ҳар қандай жиноятга таг-томири билан барҳам бериш унинг содир этилиш сабабларини пухта ўрганишни тақозо этади. Шу кунларда Ички ишлар вазирлиги академияси томонидан пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек ҳамда Юнусобод туманларида мазкур йўналишда кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликни жиловлаш бўйича муаммолар ўрганилиб, ҳудудий ички ишлар органларига илмий-методик ва амалий жиҳатдан кўмак берилмоқда.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жорий йилнинг ўтган уч ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятчилик сони ошганлиги қайд этилган. Худди шундай ҳолатни Юнусобод туманида ҳам кўриш мумкин. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Академия ишчи гуруҳи томонидан жойларда сектор раҳбарлари, ҳокимлик, ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари мутасаддилари иштирокида учрашувлар ўтказилиб, жиноятларнинг содир этилишига имкон бераётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, илмий “диагноз” қўйиш орқали уларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Криминоген вазияти мураккаб ҳудудлар аҳволи “маҳаллабай” тизимда ўрганилгач, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида тизимли камчиликлар мавжудлиги аён бўлди. Жумладан, туманлардаги айрим маҳаллалар ҳудуди видеокамералар билан етарли даражада таъминланмаган. Аҳоли гавжум масканларда ўрнатилган кузатув мосламаларининг аксарияти йиллар давомида яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу билан бирга, жамоат жойлари, савдо мажмуалари ва кўнгилочар масканларда аҳолини огоҳлик ва ҳушёрликка даъват этувчи тарғибот-ташвиқот ишларининг самарали йўлга қўйилмагани айрим ҳудудларда жиноятнинг содир этилишига сабаб бўлган.
Ишчи гуруҳи аъзолари Мирзо Улуғбек туманининг “Феруза”, “Камолот”, Юнусобод туманининг “Увайсий”, “Боғишамол”, “Ҳуснобод” маҳаллаларида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи субъектлар вакиллари билан учрашиб, жиноятчиликни жиловлашда “маҳаллабай”, “оилабай”, “фуқарабай” ишлаш механизмини самарали йўлга қўйиш юзасидан тушунтиришлар олиб бордилар. Ҳудудларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, аҳолининг доимий иш ўрнига эга бўлмаган қатлами бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар учун қўшимча имкониятларни яратиш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш борасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. Чунончи, Мирзо Улуғбек тумани “Камолот” маҳалласи ҳудудида бир неча йиллардан буён доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқаролар учун “мардикор бозори” фаолият юритган. Пойтахт ва республикамиз ҳудудларидан келган турли ёш тоифасидаги шахслар орасида муқаддам судланган ёки жиноят содир этишга мойилларнинг кўплиги ҳудудга криминоген хавф туғдирган. Натижада, 2019-2020 йиллар мобайнида безорилик, тан жароҳати етказиш, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг 41,2 фоизи айнан шу тоифадаги шахслар томонидан содир этилган. Мавжуд муаммога ижобий ечим топиш мақсадида “Камолот” маҳалласи ҳудудида вақтинчалик бир марталик иш билан таъминлаш бюросини ташкил этиш бўйича туман ҳокимлигига таклиф киритилди.
Ўрганишлар давомида Юнусобод туманининг “Ҳуснобод” маҳалласида 2021 йилнинг ўтган даври мобайнида содир этилган 36 та жиноятдан 19 таси (48,3 фоизи)ни фирибгарлик ташкил этгани маълум бўлди. Ишчи гуруҳи вакиллари мазкур ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ишчи гуруҳининг саъй-ҳаракатлари билан шу кунгача ижара биносида фаолият юритиб келган “Буюк Турон” маҳалла фуқаролар йиғини учун доимий турар-жой маскани ажратиладиган бўлди.
Таъкидлаш жоизки, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар фақат муаммоларни жойида ҳал этишга қаратилаётгани йўқ. Ишчи гуруҳи томонидан содир этилаётган ҳар бир иллатнинг туб илдизи, унга имкон бераётган шароитлар илмий асосда таҳлил қилиниб, келгусида жиноятларнинг барвақт олдини олиш методикалари амалиётга татбиқ этилмоқда. Бу ҳам кўзланган мақсадга эришишни жадаллаштиради.
ИИВ Академиясининг Ахборот хизмати