ЖЧ-2026: Испания йирик ҳисобда ғалаба қозонди
Жаҳон чемпионатининг “H” гуруҳида Испания илк ғалабасини қўлга киритди ва турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди.
Америка Қўшма Штатларининг Атланта шаҳридаги «Мерседес-Бенц» стадионида футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг “H” гуруҳидан ўрин олган Испания ва Саудия Арабистони терма жамоалари баҳси бўлиб ўтди.
Гуруҳ босқичининг иккинчи туридан ўрин олган учрашувда испанлар рақибидан ҳар томонлама устун келди. Ҳисоб 10-дақиқада Ламин Ямаль томонидан очилган бўлса, Микель Оярсабаль 21 ва 24-дақиқаларда кетма-кет голлар киритиб, жамоасининг устунлигини мустаҳкамлади.

Танаффусдан сўнг ҳам ҳужумкор ўйин намойиш этган Испания терма жамоаси 49-дақиқада яна гол урди. Рақиб дарвозаси олдидаги хавфли вазиятда Саудия Арабистони ҳимоячиси Хассан Аль-Тамбакти ўз дарвозасини ишғол қилиб қўйди.
Шу тариқа учрашув Испаниянинг 4:0 ҳисобидаги йирик ғалабаси билан якунланди ва улар очколарини 4 тага етказиб олган ҳолда биринчи поғонага кўтарилди.
“H” гуруҳининг яна бир учрашувида Уругвай ва Кабо-Верде терма жамоалари Тошкент вақти билан 22 июнь соат 03:00 да майдонга тушади.
Шунингдек, 22 июнь санасида “G” гуруҳида Бельгия – Эрон баҳси соат 00:00 да старт олади. Янги Зеландия ҳамда Миср терма жамоалари ўртасидаги учрашув эса 22 июнь куни соат 06:00 да бошланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА