Жазони ижро этиш колониясида маънавий тадбир
Қашқадарё вилоятида жойлашган Н-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумлар ўртасида “Ёшлар-бизнинг келажагимиз” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад ёш маҳкумлар ўртасида тартиббузарлик ва қайта жиноят содир этилишининг олдини олиш ҳамда ёшлар қалбида миллий ғурурни шакллантириш, миллий урф-одатларимиз, анъана ва қадриятларимизга бўлган чексиз ҳурматни мустаҳкамлаш, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг тарғиб қилиш, тинч-осуда ҳаётимизни қадрлаш, мамлакатимизда барча жабҳаларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида юртимизнинг гуллаб-яшнаётганлигини тушунтириб, ёшларда ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда ёш маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтиши учун тарбиянинг янада таъсирчанлигини ва самарасини оширишдир.
Тадбир карнай- сурнай садолари остида бошланди. Дастлаб жазо муддатини ўтаётган ёшлар томонидан қўл меҳнати билан тайёрланган турли хилдаги буюмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Сўнг барча жазо муддатини ўтаётган ёшлар ва Қашқадарё вилояти оила ва хотин қизлар бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ҳамкорлигида ёшлар учун маданий-маърифий тадбир уюштирилди.
[gallery-15121]
Тадбирда ёшларга оид давлат сиёсатининг ўзи келажак авлодга бўлган юксак эътибордан далолат эканлиги, қинғир йўллар билан топилган ҳар қандай моддий бойликнинг ортида жавобгарлик муқаррарлиги, ҳар қандай жиноят учун жазо мавжудлиги таъкидланди.
– Колонияда жазо муддатимни ўташ мобайнида кун тартибига амал қилиб, меҳнатга виждонан ёндашиб келдим, – дейди кўзида ёш билан жазо муддатини ўтаётган Озодбек Ҳошимов. – Колонияда ўтказилиб келинган китобхонлик, заковат ва спорт ўйинларида фаол қатнашиб, ўзимнинг ижобий кўрсатгичларимга эга бўлдим. Бирор маротаба тартиббузарлик содир этмадим. Намунали ёш бўлганим учун бугун ота-оналарим қимматбаҳо совға ва ташаккурнома билан тақдирланишди. Уларга мен билан муддатидан олдин учрашиш ҳуқуқи берилди. Соғлом ҳаёт тарзимга қайтганимдан сўнг доим тўғри йўлда юраман. Пешона терим билан ризқ топиб яшашга ҳаракат қиламан.
Шунингдек, колонияда жазо муддатини ўтаётган ёш маҳкумлар учун вилоят ҳокимлиги, Қарши махсус прокуратураси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, вилоят маданият бошқармаси, вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси вакиллари томонидан тарбиявий аҳамиятга эга бўлган замонавий китоблар жамланмалари, футбол, волейбол ва баскетбол тўплари ва спорт футболкалари маҳкумлар томонидан фойдаланиши учун колония маъмуриятига тақдим этилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари