Жажжи истеъдодлар сараланди
Андижон шаҳридаги 43-давлат мактабгача таълим ташкилотида “Жажжи нурли юлдузлар” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Андижон вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида истеъдодли ва ташаббускор болаларнинг санъат ва маданият соҳасидаги иқтидорини юзага чиқариш, ижодий салоҳиятларини ривожлантириш ҳамда халқ оғзаки ижоди, миллий қадрият ва анъаналарни тарғиб этиш мақсадида ўтказилган танловда болажонлар қўшиқ, рақс, саҳна кўринишлари ва фольклор намуналари орқали ўзларининг истеъдод ва маҳоратларини намойиш этди.


Танловда туман шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 та жамоа иштирок этди. Жамоаларнинг чиқишларида миллий урф-одат, қадрият ва халқ ижодиёти намуналарига алоҳида эътибор қаратилди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, Шаҳрихон туманидаги 21-ДМТТнинг “Шаҳрихон ғунчалари” жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди.
Танловда иккинчи ўрин Андижон шаҳридаги 69- ДМТТнинг “Келажак юлдузлари”, учинчи ўрин эса Избоскан туманидаги 22- ДМТТнинг “Беш қарсак” жамоаларига насиб этди.


Танловнинг ғолиб ва совриндор жамоалари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Танлов болажонларнинг санъатга бўлган қизиқиши, ижодий қобилият ва истеъдодларини юксалтиришга хизмат қилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири