Жасорат ва матонат синови
Сирдарё вилоятида “Жасорат мактаби”га ўқувчиларни саралаб олишнинг иккинчи босқичи — жисмоний тайёргарлик синовлари вилоятнинг барча 11 та шаҳар ва туманида бир вақтнинг ўзида юқори савияда ташкил этилди. Синовлар давомида номзодларнинг жисмоний тайёргарлик даражаси белгиланган мезонлар асосида холис ва шаффоф баҳоланди.
Жумладан, Гулистон шаҳридаги 16-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган синовларда 126 нафар ўқувчи иштирок этди. Улар 30 метрга юқори стартдан югуриш, турган жойдан узунликка сакраш, гимнастика ўриндиғида эгилувчанликни аниқлаш, 30 сония давомида қўлларни букиб-ёзиш ҳамда бир дақиқа мобайнида арғамчида сакраш каби машқларни бажариб, ўзларининг жисмоний тайёргарлигини намоён этдилар. Ҳар бир иштирокчининг натижалари тасдиқланган нормативлар асосида аниқланди.
Мазкур босқичга қабул жараёнининг биринчи босқичи — тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар жалб қилинди. Аввал республика бўйлаб бир вақтнинг ўзида ўтказилган тест синовларида Сирдарё вилоятининг 11 та шаҳар ва туманидан жами 1118 нафар 5-синф ўқувчиси иштирок этган эди. Тест жараёнлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил қилиниб, ота-оналар учун фарзандларининг имтиҳон топшириш жараёнини онлайн кузатиш имконияти ҳам яратилди.
[gallery-30727]
Саралаш жараёнларини кузатган ота-оналар ва нуронийлар ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятларни юксак баҳоладилар. Уларнинг таъкидлашича, “Жасорат мактаблари” иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг интеллектуал ва жисмоний салоҳиятини ривожлантириш, шунингдек, ватанпарварлик, интизом ва масъулият туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Набирасини синовларга олиб келган Жўра бобо Мўминов ҳам қабул жараёнлари ҳақида ўз фикрларини билдирди:
— «Катта муваффақият кичик муваффақиятдан бошланади» деган ҳикматни доимо набирамга такрорлардим. У шу ишонч билан пухта тайёргарлик кўрди ва тест ҳамда жисмоний тайёргарлик синовларини муваффақиятли топширди. Бизнинг ёшлигимизда бундай имкониятлар мавжуд эмас эди. Бугун эса фарзандларимиз ва набираларимиз ўз иқтидорини намоён этиши, билим ва салоҳиятини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилган. Буни кўришнинг ўзи биз учун катта қувонч.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Сирдарё вилоятининг 11 та шаҳар ва туманида фаолият юритаётган “Жасорат мактаблари”нинг ҳар бирига 26 нафардан ўқувчи қабул қилинади. Саралаш жараёни бир неча босқичда амалга оширилиб, унда номзодларнинг билим даражаси, мантиқий фикрлаш қобилияти, жисмоний тайёргарлиги, интизоми ҳамда маънавий-руҳий фазилатлари комплекс тарзда ўрганилди.
Якуний натижаларга кўра, энг муносиб номзодлар “Жасорат мактаблари” сафига қабул қилиниб, замонавий таълим дастурлари асосида билим олиш, жисмоний ва маънавий салоҳиятини юксалтириш имкониятига эга бўладилар.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА