“Жасорат мактаблари”нинг мард, ботир ўқувчилари тантанали ваъда берди
Сурхондарё вилоятидаги “Жасорат мактаблари” ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш маросимлари юқори савияда ўтказилмоқда.
Ана шундай тантанали маросимлардан бири Ангор тумани марказидаги хушманзара истироҳат боғида бўлиб ўтди.

Тадбирда Қуролли Кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг вилоят ҳудудий раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этди.
Мамлакатимизда ёшларни Ватанга садоқат, юртга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар руҳида тарбиялаб, уларнинг онгу шуурига тинч-тотув ҳаётни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш фазилатларини чуқур сингдириш, барча йўналишларда билим ва кўникмаларини ошириш давлатимиз белгилаб олган муҳим вазифалардан бирига айланди.

Президентимизнинг 2024 йил 15 ноябрдаги “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни сифатли йўлга қўйишга хизмат қилмоқда. Жойлардаги умумтаълим муассасаларида фаолият юритаётган “Жасорат мактаблари” ҳарбий ватанпарварлик йўналишида умумтаълим мактаблари учун таянч таълим даргоҳига айланди.

Ангор туманидаги “Жасорат мактаби” 35-умумтаълим муассасасида ташкил этилган. Ўқув даргоҳида энг малакали устозлар ўқувчиларга чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик, тарих, математика, жисмоний тарбия, чет тили, физика каби фанларни чуқурлаштирилган ҳолда ўргатаётир. Ўғил-қизлар миллий қадриятларимиз, нафис маданиятимиз ва урф-одатларимизга чуқур ҳурмат руҳида камолга етиб, қалбида ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари юксак сифат ва миллий ғурур туйғуларини мустаҳкамламоқда. Жонажон Ватанимизнинг бой тарихи ва маданияти, буюк аждодларимиз, айниқса, соҳибқирон Амир Темурнинг бебаҳо мероси, мамлакатимиз озодлиги ва эл-юрт тинчлиги йўлида мардлик-жасорат кўрсатган ватандошларимизнинг қаҳрамонлиги асосида Ўзбекистон халқига содиқ, қатъий ҳаётий қарашлар ва фаол фуқаролик позициясига эга бўлган ҳолда улғаймоқда.

Маросимда тумандаги “Жасорат мактаби”да таълим-тарбия олаётган 26 нафар ўқувчи Президентимизга, халқимизга садоқатли, мард, жасур фарзанд бўлишга ваъда бериб, ҳарбий-ватанпарварлик туйғулари янада мустаҳкамланаётганини намойиш этди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири