Жанубий Осиёда ҳалокатли тошқинлар: қурбонлар бор
Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистонда ҳафта бошидан буён кузатилаётган кучли ёмғир ва тошқин оқибатида камида 82 киши ҳалок бўлди. Табиий офат қишлоқ хўжалиги ерлари, инфратузилма ва ижтимоий объектларга катта зарар етказган.
Ҳиндистоннинг Ассам штатида сўнгги бир суткада яна 10 киши ҳалок бўлиб, ҳафта давомида қурбонлар сони 36 нафарга етди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, 11 туманда 650 мингдан ортиқ аҳоли табиий офатдан жабр кўрган.
Афғонистоннинг Нуристон вилояти ва Покистоннинг Хайбар-Пахтунхва ҳудудида эса сўнгги 72 соат ичида тошқинлар 46 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳат олди.
Мутахассислар Афғонистон ва Покистон глобал исишга энг кўп таъсирчан давлатлар қаторига киришини, кучайиб бораётган қурғоқчилик ва музликларнинг эриши миллионлаб одамлар учун жиддий хавф туғдираётганини таъкидламоқда.
Д.Ҳакимов, ЎзА