Ҳусийлар Саудия Арабистони нефть танкерларига ҳужум уюштирди
Яманнинг “Ансоруллоҳ” (ҳусийлар) ҳаракати Қизил денгизда ўрнатилган денгиз блокадасини бузганини важ қилиб, Саудия Арабистонига тегишли “ENCELIA” ва “LAYLA” номли иккита нефть танкерига ҳужум уюштирганини маълум қилди.
Ҳусийлар томонидан тарқатилган баёнотга кўра, амалиёт давомида учувчисиз учиш аппаратлари, баллистик ва қанотли ракеталардан фойдаланилган, шунингдек, яна 10 га яқин кема ўз ҳаракат йўналишини ўзгартиришига мажбур қилинган.
Ўз навбатида, Буюк Британия денгиз савдо операциялари маркази (UKMTO) Саудия Арабистонининг Ал-Шуқайқ шаҳридан 70 денгиз мили узоқлигида танкерлардан бирига номаълум снаряд тегиши оқибатида бортда ёнғин чиққанини тасдиқлади.
Хабарга кўра, кема экипаж аъзолари ҳозирда алангани ўчириш ишларини олиб бормоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА