Жанубий Африка валютаси қадрсизланди
Чоршанба кунги эрталабки савдода Жанубий Африка Республикаси миллий валютаси ранд нефть нархи кўтарилиши ва инфляция хавфи ортиши сабабли қадрсизланди.
Инвесторлар фоиз миқдори истиқболига аниқлик киритиш мақсадида АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) бугун чиқарадиган қарорни кутяпти. Тошкент вақти билан эрталаб соат 11:52 да ранд курси долларга нисбатан 0,2 фоиз пасайиб, 16,68 даражасида қайд этилди. Саудия Арабистонидаги нефтни қайта ишлаш заводига қилинган ҳужум сабаб, нефть нархи 1 фоиздан зиёд қимматлашди.
Сармоядорлар нигоҳи Тошкент вақти билан соат 23:00 да эълон қилинадиган ФЗТ қарори ва пайшанба куни чиқадиган Шахсий истеъмол харажати маълумотига қаратилган. Трейдерлар ФЗТ бу сафар ставкани ўзгаришсиз қолдиришидан умидвор. Декабрь ойида эса ставка ошиши эҳтимоли 84 фоизга баҳоланмоқда.
“ETM Analytics” экспертлари таъкидлашича, нефть нархи кўтарилишда давом этса, ранд курси 1 доллар учун 17,00 даражадан ҳам пасайиб кетиши мумкин. Ички муҳим иқтисодий хабарлар бўлмагани боис, ранд, бошқа ривожланаётган давлатлар пул бирликлари каби, ташқи омил ва АҚШ иқтисодиётига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Бундан ташқари Йоханнесбург фонд биржасида “Top-40” индекси 0,2 фоизга тушди, Жанубий Африканинг 2035 йилгача бўлган давлат облигациялари даромадлилиги эса 8,6 фоизга етди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА