Жанубда пилла топшириш қизғин паллага кирди
Сурхондарё вилояти пиллакорлари жорий йил баҳорги мавсумида парваришлаган 38 минг 100 қути ипак қуртидан қабул масканларига 2 минг 286 тонна саноат учун қимматбаҳо хом ашё топширади.
Шу кунларда вилоятда етиштирилган пиллани териб олиш юмушлари уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Жумладан, бу йил воҳанинг Термиз туманида 2 минг 572 қути ипак қурти боқилиб, мўл ҳосил тўпланди.

Мамлакатимизда пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хомашё базасини кенгайтириб, ипак қурти уруғи ҳажмларини кескин кўпайтириш, бозор механизмларини жорий этиб, пилла етиштирувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор сифатли ва харидоргир хом ашё йиғиб олишда муҳим омил бўлмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашаётир.

Мавсумда Термиз туманида ҳам 3 минг 115 нафар вақтинча ишсиз хотин-қиз фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида касаначилик асосида пилла парваришлаб, оилавий бюджетига қўшимча даромад келтирмоқда. Айни пайтда туманда заҳматли меҳнат эвазига етиштирилган хом ашёни териб, топшириш қизғин паллага кирмоқда. Илғор пиллакорлар меҳнати муносиб рағбатлантирилиб, эсдалик совғалари топширилмоқда.
Термизлик пиллакорлар қабул масканларига 2 минг 572 қути ипак қуртидан 154,3 тонна қимматбаҳо пилла хом ашёси топширишни мўлжалламоқда.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири