Жанубда аскарлар касб-ҳунар ўрганмоқда (+видео)
Термиз шаҳридаги иккинчи техникумда “Битта аскар – битта касб” тамойили асосида муддатли ҳарбий хизматчиларга турли касб-ҳунар ўргатилмоқда.
Сурхондарё вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Улуғбек Қосимов таълим муассасасида бўлиб, аскарларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун яратилган шароитларни кўздан кечирди.
Танишув чоғида Мудофаа вазирлигининг Жанубий оператив қўмондонлиги бошлиғи, полковник Мирсаид Шукуров ҳарбий хизматчиларни касбга йўналтириш, билим ва кўникмасини ошириш ва яратилган қулайликлар ҳақида маълумот берди.

Ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари устахона ва ўқув хоналарида касб ўрганаётган муддатли ҳарбий хизматчилар билан суҳбатлашиб, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳарбий хизматчилар учун яратилаётган имкониятлар, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашига қаратилаётган эътибор хусусида фикр алмашди. Хизмат даврида аскарнинг бир йўла замонавий ҳунарли бўлиши хизматдан сўнг меҳнат бозорида ўз ўрнини топиб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди. Касб сирларини чуқур ўрганиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Дастур уч ва олти ойлик курсларда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларга фуқаролик мутахассисликларини ўргатади. Курсни муваффақиятли тугатган аскарларга давлат намунасидаги махсус сертификат берилади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Nmzse7NENV8?si=QoWZaVvAegGPj2XC" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири