Жамшид Қўчқоров “ACWA Power” раҳбари билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси раҳбари Муҳаммад Абунайян ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар Кенгашининг 59-йиллик анжумани доирасида ташкил этилган ушбу мулоқотда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар, уларнинг натижалари, ҳамкорликни янги йўналишлар билан бойитиш ва лойиҳалар кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокамалар давомида давлат-хусусий шериклик асосидаги ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида Фарғонада кўп тармоқли шифохона барпо этиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, хусусан, “Янги Тошкент” халқаро аэропорти лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, “яшил” энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар муҳокама марказида бўлди.
Шунингдек, учрашувда мамлакатдаги макроиқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, рақамли трансформация, коммуникация ва IT соҳаларида янги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизмати маълум қилганидек, музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ҳамда самарали ва манфаатли лойиҳалар кўламини кенгайтиришга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА