Жамоатчилик мулоқоти: муҳим вазифалар белгилаб олинди
Андижонда “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш омиллари ва механизмлари, маҳаллий давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик” мавзусида жамоатчилик мулоқоти бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ўтказилаётган “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, мамлакатимизда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тарғиб этиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган жамоатчилик мулоқотида вилоят ҳокимлигининг жамоатчилик кенгаши аъзолари, депутатлар, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари – сиёсий партиялар, миллий-маданий марказлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Раҳматулло Арзиев, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Диёрбек Турғунов ва бошқалар томонидан “Инсон қадри учун” бош ғояси асосида юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратилганлиги, уларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаш-тириш, фаоллигини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг натижасида жамиятдаги жараёнларда уларнинг иштироки тобора ортиб бораётганлиги таъкидланди.
[gallery-14620]
Жамоатчилик мулоқотида фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш истиқболлари, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтлари фаоллигини ошириш, давлат идоралари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, бу борадаги ютуқ ва муаммолар атрофлича муҳокама қилинди.
Иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни ташкил этиш, самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, тавсия, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Амалга ошириладиган муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари