Жамоатчилик кенгаши: назорат қилади, ёрдам беради
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 20 январда қабул қилинган “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилиши белгиланган эди.
Мазкур ҳужжат ижросига кўра, Ургут тумани ички ишлар бошқармасида ҳам жамоатчилик кенгаши фаолияти йўлга қўйилди.
– Аслида, бу биз учун янги тажриба эмас, – дейди Ургут тумани ички ишлар бошқармаси жамоатчилик кенгаши раиси, фахрий педагог Қуддус Асқаров. – Кейинги икки-уч йилда туманимиз ички ишлар бошқармаси раҳбарияти билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Биз тизим ходимларига ўз ҳаётий тажрибаларимизни ўргатяпмиз. Аҳолининг, жамоатчиликнинг улар ҳақидаги фикри, фаолиятига бераётган баҳосидан келиб чиқиб, нималарга эътибор қаратиш кераклигини тушунтиряпмиз.

Ҳозир ижтимоий тармоқларда ички ишлар идоралари ходимларининг аҳоли билан муомала-муносабати ҳақида ҳар куни турли хил фикрлар билдириляпти. Айрим нохуш ҳолатларга ҳам дуч келамиз. Ана шундай пайтда кенгаш аъзолари тўпланиб, бошқарма раҳбарияти билан бирга масалани муҳокама қиламиз, зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқамиз.
Бундан ташқари, кейинги пайтда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни маҳаллаларда, жамоатчилик билан бирга муҳокама қилиш, жиноятларнинг келиб чиқиб сабаблари ҳамда оқибатларини таҳлил этиш тизими йўлга қўйилди. Ушбу тадбирларда ҳам жамоатчилик кенгаши аъзолари қатнашиб, ўз фикрларимизни билдиряпмиз. Кенгаш таркибида туманимизнинг кўзга кўринган нуронийлари, ички ишлар идоралари фахрийлари, маҳаллалар фаоллари, журналистлар ва эл ўртасида обрў-эътиборга эга кишилар бор. Уларнинг ҳар бирининг фикри, албатта, жамоатчиликни эътиборсиз қолдирмайди.

- Умуман, маслаҳат, муроса йўли яхши-да, ҳамкорлигимиз туфайли ҳеч бир масала ечимсиз қолмайди. Президентимиз қарори билан ички ишлар тизимининг барча бўғинларида жамоатчилик кенгашларининг ташкил этилиши ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, уларнинг фуқаролар, жамоат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан яқин ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади, - дейди Қ.Асқаров.
Қарорда жамоатчилик кенгашларига ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш қайд этилган. Шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ҳамда унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш вазифалари қўйилган.

– Жамоатчилик кенгаши учун бошқармамизда алоҳида хона ажратилган, – дейди Ургут тумани ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дамир Султонов. – Кенгаш аъзолари тез-тез бу ерда тўпланиб, биз билан бирга шу кеча-кундуздаги муҳим масалаларни муҳокама қилишади.
Шунингдек, ҳар ҳафта шахсий таркиб иштирокида ўтказиладиган маърифат соатида қатнашиб, ходимларга ўз маслаҳат ва тавсияларини айтишади. Аҳоли билан мулоқот қилишимиз, жойларда юзага келиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, криминоген вазият оғир ҳудудларда фуқаролар билан ишлашимизда жамоатчилик билан ҳамкорлигимиз яхши натижа бермоқда. Бу рақамларда ҳам ўз аксини топмоқда. Гарчи ўтган йил умумий жиноятлар 2021 йилга нисбатан ошган бўлса-да, унча оғир бўлмаган жиноятлар 13 тага, оғир жиноятлар 9 тага камайди. Жумладан, қасддан одам ўлдириш 4 тага, қасддан оғир тан жароҳати етказиш 4 тага, енгил тан жароҳати етказиш 5 тага, йўл-транспорт ҳодисаларидаги ўлимлар сони 8 тага, фирибгарлик жинояти 41 тага камайишига эришилди.
Туман ИИБ масъулларининг қайд этишича, уч йил олдин Ургут тумани мамлакат ички ишлар органлари тизимида “қизил” тоифадаги ҳудуд сифатида қайд этилган бўлса, бугунга келиб “яшил” тоифага ўтган.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА