Кун тартибида журналист масъулияти
Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими ҳамиша замон талаблари билан ҳамқадам бўлишга интилиб келди.
Сўнгги беш йил вилоят бўлими учун имконият ва синовлар йили бўлди.
Президентимизнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Айни чоқда вилоятда 27 та босма нашр фаолият кўрсатяпти. Аммо уларнинг обунаси камлиги туфайли ва муассиснинг бепарволиги сабаб, масалан, “Фарғона тонги” газетаси 2026 йилнинг бугунигача 4 бор чиқди. “Исфайрам” 4 та, “Риштон ҳақиқати” 5 та чиққан. “Қўқон садоси”, “Навбаҳор”, “Яйпан овози” газеталари эса битта ҳам чиққани йўқ. Бошқа газеталарнинг аҳволи ҳам бундан яхши эмас. Қолаверса, ҳамон обуна, тўлов, етказиб бериш муаммоси мавжуд. Вилоятдаги босма нашрларнинг атиги учтаси ўз биносига эга. Қолганлари турли идоралар ичида вақтинчалик жойлашган.
– Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилоят бўлими ўз фаолиятида учта асосий йўналишга устуворлик бериб келмоқда, – дейди бўлим раиси ўринбосари Рустамжон Орипов. –Биринчиси – бу журналистлар касбий маҳоратини оширишга кўмаклашиш. Иккинчи йўналиш – бемор, нафақадаги, кам таъминланган ҳамкасбларни имкон қадар йўқлаб туриш. Учинчиси – замонавий IT ва хорижий тилларга ўқитишни йўлга қўйиш.
Ҳар йили молиявий имкониятга қараб камида 12-15 та ҳамкасбнинг ҳолидан хабар олиб турилди. 60, 70, 80 ёшга кирган журналистларни табриклаб, ижодий давра ташкил этиб, уларга фидоий меҳнатлари учун миннатдорчилик билдиришга ҳаракат қилинаяпти.
Зуҳра Алиева, Хадичахон Каримова, Ҳамид Бурхонов каби ҳамкасбларнинг ижодий кечалари ўқувчи-газетхонлар уларни не чоғли яхши кўриши, ҳурмат қилишини намойиш этди.
Биз, шунингдек, журналист ижодкорлар китоблари тақдимоти, фотоасарлари кўргазмаларини ҳам ташкил этдик. Бу ўзига хос сарҳисоб эди.
Дарҳақиқат, ОАВлари иш тажрибасини оммалаштириш мақсадида Фарғона вилояти журналистлари таклифига биноан Навоий вилоятидаги ҳамкасблари келдилар. Газеталарнинг қўшма сонларини чиқаришди. Вилоятда ислоҳотлар қандай амалга оширилаётгани ҳақида телекўрсатувлар намойиш этилди. Учрашув чоғида ютуқ ва муаммолар муҳокама қилиниб, ечими устида биргалашиб фикрлашдилар. Шу каби ижодий мулоқотлар Фарғона журналистларининг Самарқанд, Хоразм, Бухоро вилоятларига ижодий сафарлари чоғида ҳам давом этди.
– Бу йил Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари журналистлари вилоятимизга келишлари кутиляпти. Ва аксинча, биз ҳам Тошкент ва Сирдарё вилоятлари ОАВ фаолияти билан танишгани шу вилоятларга боришни режалаштирганмиз, – дейди Рустамжон Орипов.
Журналистикада далилларга баҳо бериш, саралаш ва тарқатишда таққослашнинг ўрни катта. Таққослаш учун эса кўп юриш, бориш, кўриш, тадқиқ қилиш талаб этилади. Шунинг учун бўлим хорижий тажрибани ўрганишга ҳам эътибор бериб келди. Сўнгги йилларда Миср, Ҳиндистон, Туркия, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардаги журналистик ташкилотлар ва ОАВлар фаолияти билан танишилди. Айни чоқда шу мамлакатлар ОАВларида Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотлар ҳақида Фарғона вилояти мисолида ёзилган 21 та мақола чоп этилди.
2025 йилда Фарғона вилояти биродарлашган Туркиянинг Бурса вилояти бош нашри “Bursa hokimiyati” газетаси билан газеталарнинг қўшма сони чиқди. У ерда журналистлар Бурса валеси, мамлакат парламент қўмитаси раиси билан ҳам учрашиб, “Анадоли” ахборот агентлиги, “Сабаҳ” газетаси, Туркия ТРК раҳбарияти қабулида бўлишди.
Касбий малака оширишда “Чимён медиафоруми”нинг ўрни катта. Вилоят бўлими томонидан 10 марта мамлакат миқёсида ташкил қилинган ижодий мулоқот майдонида деярли барча устозлар ва вилоят журналистлари вакиллари иштирок этди.
Сўнгги беш йилда Иброҳим Ғофуров, Аҳмаджон Мелибоев, Абдусаид Кўчимов, Хуршид Дўстмуҳаммедов, Шерзод Қудратхўжа, Исмат Хушев, Навбаҳор Имомова, Карим Баҳриев, Анора Содиқова каби машҳур тренер- журналистлар маҳорат дарси ўтдилар.
– Шу даврда вилоятга Хитой, Туркия, Исроил, Корея Республикаси, Россия каби мамлакат журналистлари келдилар. Улар билан тажриба алмашдик, ижодий мулоқотлар бўлди, ҳамкорлик шартнома ва меморандиумлари имзоладик, – дейди бўлим мутахассиси Умида Мирзаматова.
Касбий малакани оширишнинг яна бир йўли у ёки бу мавзуда конференциялар ўтказишдир. Икки марта халқаро, 3 марта мамлакат миқёсида шу каби конференциялар ташкил қилинди.
Ўтган йиллар давомида бўлимда уюшма аъзолари сони икки баробар ўсди ва ҳозир 88 нафарни ташкил этмоқда. Улар орасида икки нафар “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, 17 нафар давлат орден ва медаллари билан тақдирланганлар ва 18 нафар “Олтин қалам” миллий мукофоти соҳиблари борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Бўлим қошида аёл журналистлар, ёшлар, фахрийлар кенгашлари анчагина фаол ишлади. Улар томонидан турли танловлар ўтказилди, ижодий сафарлар ташкил этилди, саёҳатлар уюштирилди. Масалан, фахрийлар Намангандаги гуллар байрамида иштирок этишди. Ёш журналистлар пойтахт ОАВларида бир ҳафталик малака оширишда бўлдилар. Аёл журналистлар учун “Фарғона атиргули” танлови ўтказилди.
Фарғона вилоятида уюшма аъзоларнинг аксарият қисми фахрийлар, нафақадаги журналистлардир. Ёшлар умумий контингентининг 25-30 фоизини ташкил этади. холос. Бу икки сабаб билан изоҳланади.
Биринчидан, ОАВларда ишлаётган ижодий ходимларнинг 60 фоизидан зиёди нафақада ёки шу ёш атрофида.
Иккинчидан, ёшлар билан ишлашда бўлимда сусткашликка йўл қўйилди. Масалан, вилоят ТРК да 40 дан зиёд ижодий ходим бор. Уюшма аъзолари эса атиги учта, улар ҳам нафақа ёшида.
Ўзбекистондаги амалга оширилаётган ислоҳотлар аввалги йиллар ривожланишидан тубдан фарқ қилади. Сўнгги йиллардаги асосий, балки инқилобий ўзгаришлар: сўмнинг эркин конвертацияси, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва унга берилаётган имтиёзлар, хорижий инвестицияга очиқлик, давлат ҳокимияти қуйи тизимига тўғридан-тўғри битимлар имзолаш ҳуқуқини кенг аҳолига бафуржа тушунтириш лозим. Бу иқтисодий ислоҳотлар тарғиботи бўйича бўлса, маънавият соҳасида илм, илм ва яна бир бор илмга асосланиш лозимлигини таҳлил қилиб, ҳаётий мисолларда аҳолига етказишдек муҳим вазифа турибди.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА