Жамиятнинг саодати ёшлар тарбиясига боғлиқдир
1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни
Бугун мактабларимизда таҳсил олаётган ёшларга барча ҳавас қилади. Замонавий ва ёруғ хоналар, компьютерлар, ўқитишдаги инновацион технологияларнинг барчаси фарзандларимиз ихтиёрида. Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида амалга оширилаётган улкан ишлар самарасида таълим масканларида муҳит ва шароит ўзгарди. Таълим тизимини ислоҳ этиш жараёнида ўқитувчи касби нуфузини ошириш, жамиятдаги мақомини кўтаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ўқитувчига эътибор – бу аввало фарзандларимизга, уларнинг таълим-тарбиясига эътибор, дегани. Ўқитувчининг обрўси ошса, мактабнинг обрўси ошади, илмнинг, таълим-тарбиянинг қадри кўтарилади.
Фарғона вилоятида ҳам бугунги кунда бу йўналишда муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни кунларда 963 та умумтаълим мактабида 53 мингдан ортиқ ўқитувчи фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилда инвестиция дастури доирасида 17 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, бунинг учун 157,6 миллиард сўм маблағ ажратилди. Шу билан биргаликда, вилоят ҳокимлиги томонидан мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Албатта, бу ишлар яхши. Хўш, бугунги кунда мактаблардаги таълим-тарбия ишлари қандай? Нега вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони камаймаяпти?
Маълумотларга қараганда, вилоятда ўтган 8 ойда 467 та жиноят вояга етмаганлар томонидан содир этилган. Бу рақамнинг ўзи барчани жиддий ташвишга солиши керак.
Жорий йилнинг 28 август куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган мактабларда таълим сифатини ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ва ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида ёшлар тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки тарбия масаласи фақатгина ўқитувчиларнинг вазифаси эмас, унга кенг жамоатчилик эътибор қаратиши керак.
Мактабдек муқаддас даргоҳда ишлаш, ёш авлодга билим бериш, уларни тарбиялаш – оддий иш эмас. Бу – миллатга дахлдор масала. Шунинг учун ҳам Президентимиз ўқитувчининг нуфузини кўтаришга катта аҳамият бермоқда. Шундай бўлса-да, таълим-тарбияда кечиктириб бўлмайдиган вазифалар жуда кўп.
Дарҳақиқат, тарбия инсоннинг инсонлигини таъминлайдиган буюк неъмат, халқпарвар ўлмас қадриятдир. Тарбия бўлмас экан, оила ҳам, жамият ҳам таназзулга юз тутади. Айтиш мумкинки, мамлакатнинг эртаси, халқ фаровонлиги бугунги ёшларнинг тарбияланганлик даражаси билан ўлчанади. Фан-техника ривожланган, ахборот алмашинуви тезлашган ҳозирги замонда болалар тарбияси кун тартибидаги асосий масалага айланиши бежиз эмас.
– Кимлардир “Мактаб таълим беради, тарбия оилада берилади”, деган келишиб бўлмайдиган фикрни айтади, – дейди Олтиариқ туман ихтисослаштирилган мактаб директори, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Ҳамиджон Раҳимов. – Лекин мактабда таълим ва тарбияни бир-биридан ажратиш мумкин эмас. Келажак робот сифат одамларники эмас, ҳар томонлама етук тарбия кўрган, чуқур билимга эга, диёнатли, иймон-эътиқодли ва, албатта, ватанпарвар ёшларникидир.
Тасаввур қилинг: бола сув, уни қандай идишга қуйсангиз, ўша шаклга киради. Ўқитувчи болани чиройли шаклга келтирувчи идишдир. Тарбия соҳасида оила тарбияси ҳам муҳим ўрин тутади. Чунки “Қуш уясида кўрганини қилади”. Ўқитувчи зиммасига тушадиган қийин вазифа ўша “уялар”да камол топаётган полапонларни тўғри йўлга бошлаш, чин инсонларни тайёрлашдир. Бунинг учун эса устознинг ўзи тарбияланган бўлиши лозим. Ўқитувчи билим жиҳатидан жуда кучли бўлса-ю, тарбияланганлик даражаси ҳаминқадар бўлса, болаларни яхши ўқитиши мумкин, бироқ жамиятга уқмаган шахсни етиштириб беради. Бу эса эртанинг таназзулидир.
Оила тарбия ўчоғи сифатида қадрлидир. Айниқса, ўзбек халқи болажонлиги билан оилада фарзандга алоҳида эътибор кўрсатади. Барчамиз ҳам фарзандимизни яхши кўрамиз, унга барча шароитларни яратиб берамиз. Афсуски, баъзи ота-оналар оиладаги тўкинлик, таъминот аъло даражада эканлигидан хотиржам юради. Боламнинг усти бут, қорни тўқ, дея боланинг маънавий тарбиясига бефарқ бўлади. Дарс тайёрлашини, мактабда ўзини тутишини умуман назорат қилмайди. Булар эса фарзандларнинг тарбиясидаги жиддий хатоликдир.
– Халқимизда “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” деган мақол бор. Бу илм билан одоб-ахлоқни, маънавий тарбияни бирдек ўзлаштириш зарурлиги ҳақида айтилган. Бунга тўлақонли эришишда эса мактаб ва оила ҳамкорлиги, ўқитувчилар билан ота-оналарнинг яқин муносабати ҳал қилувчи роль ўйнайди, – дейди Риштон туманидаги 51-мактаб бошланғич синф ўқитувчиси Минорахон Матисаева. – Ўз тажрибамдан биламанки, фарзандининг ўзлаштириши, дарс тайёрлаши, одоб-ахлоқи билан қизиқадиган ота-оналар билан бир қаторда, ўғил ёки қизининг нечанчи синфда ўқишини билмайдиганлари ҳам бор. Албатта, бу икки турдаги оилаларнинг фарзандлари ўқишида ҳам, тарбиясида ҳам ер билан осмонча фарқ бўлади.
Модомики ёшларимизнинг интеллектуал салоҳияти, дунёқараши, маънавий олами бойлиги юрт келажагини белгилаб берар экан, маҳалла ҳам ёшлар тарбияси учун масъулдир. Кейинги пайтларда мактаб ва маҳалла ўртасидаги олтин ҳалқа узилгандек гўё. Халқимизда “Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл бежиз айтилмаган. Афсуски, кейинги пайтларда қуйи бўғинда фарзандларимиз тарбиясига масъулликда оқсоқликка йўл қўйилмоқда.
– Маҳалла “бешлиги”нинг кўп ишлари мактаб билан боғлиқ аслида. Лекин бу боғлиқлик фақат тадбирларда, йиғилиш-мажлислардагина юз кўрсатмаслиги керак. Маҳалладаги оқсоқоллар, нуронийлар, ибратли оилалар тажрибасини оммалаштириш, тўй-маъракаларда жамоатчилик эътиборини ёшлар таълим-тарбиясига йўналтириш заруратга айланиб боряпти. Ўзим ҳам ҳафтада уч-тўрт марта мактабга кириб, ёшлар таълим-тарбияси билан қизиқаман. Маҳалламиздаги ҳар бир боланинг тақдири учун бефарқ эмасмиз, – дейди Сўх туманидаги “Сариканда” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодир Сафоев.
Ўқитувчи ёш қалбнинг меъмори. Шу боис ҳам таълимдаги залворли юкни унинг зиммасига ташлаб қўймаслик керак. Сўзни мухтасар қилиб, Сингапур тарихидаги илк бош вазир Ли Куан Юнинг бу борадаги фикрини келтиришни жоиз топдик: “Муаллимни энг қуйи табақадан энг юқори мартабага кўтардим. Мен Сингапурда мўъжиза яратмадим. Давлатдаги “мўъжиза”ларни қилган инсонлар – муаллимлардир. Улар илм, ахлоқ, меҳнат ва ҳақиқатни севадиган камтар авлодни етиштириб чиқардилар. Бунинг учун улардан миннатдормиз”.
Маърифатпарвар аллома Абдулла Авлоний ҳам “Ҳар бир муаллимнинг саодати, давлатларнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир”, дея бежиз айтмаган. Шунинг учун ҳам барчамиз фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарурдир.
Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА мухбири.