Жамият тараққиётида гендер тенглик имкониятлар кафолати
БМТ Бош Ассамблеясининг 2007 йил 8 ноябрдаги резолюциясига кўра, ҳар йили 15 сентябрь – “Халқаро демократия куни” сифатида нишонланади. Ушбу сана халқаро ҳамжамият учун инсон ҳуқуқлари, эркинлик, адолат, ижтимоий тенглик каби қадриятларни тарғиб қилишда алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон ҳам мустақилликка эришганидан буён демократик қадриятларни миллий тараққиётнинг устувор йўналиши сифатида белгилаб келмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда олиб борилаётган конституциявий ислоҳотлар, қабул қилинаётган гендер тенгликни таъминлаш бўйича қонунлар, инсон ҳуқуқларига оид миллий стратегиялар мазкур жараённинг амалий ифодасидир.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам “инсон – жамият – давлат” тамойили асосий ғоя сифатида мустаҳкамланиб, инсон ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгиланди. Бу ёндашув, аввало, ёшлар ва аёллар ҳуқуқларини янада кенгроқ кафолатлашда ўз аксини топмоқда. Бугун ёш авлоднинг таълим олиши, илм-фан ва технология оламида ўз ўрнини топиши, давлат бошқаруви ҳамда жамият ҳаётида фаол қатнашиши учун янги имкониятлар яратилмоқда. Аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари эса фақат қоғозда эмас, балки ҳаётий амалиётда ҳам ўз тасдиғини топмоқда. Улар сиёсий майдонда ҳам, тадбиркорликда ҳам, илм-фанда ҳам ўз салоҳияти билан жамият тараққиётига ҳисса қўшмоқда. Эндиликда гендер тенглик давлат сиёсатининг ажралмас тамойилига айланган бўлиб, бу эса ҳар бир фуқаро – ёши, жинси ва касбидан қатъий назар – имкониятлар тенглигидан баҳраманд бўлиши мумкинлигини англатади.
Бугунги кунда аёллар нафақат оиланинг бекаси, балки сиёсат, иқтисодиёт, таълим, илм-фан, тадбиркорлик, яъни жамиятимизнинг барча қатламларида фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, 2024 йилда бўлиб ўтган парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланганлар таркибида аёллар улуши 38 фоизга етди. Шунингдек, 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, 43 минг 860 та кичик бизнес ва микрофирмаларни аёллар бошқармоқда. Бу эса ўтган йилга нисбатан 6,3 фоизга кўп дегани.
Бугунги кунда Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқийдиган талабаларнинг 52 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Бу республикамизда аёлларнинг илм-фанга бўлган эътиборининг ёрқин тасдиғидир. Тадқиқотларга кўра, мактабгача таълим тармоғи кенгайтирилгани натижасида аёлларнинг меҳнат бозоридаги иштироки 12 фоизга ўсди. Шунингдек, кредитлар ва субсидия дастурлари орқали 206,6 минг нафар аёл тадбиркорликка жалб қилинди.
Олиб борилаётган ўзгаришлар натижасида Ўзбекистон гендер тенглик бўйича халқаро рейтингларда йил сайин юқорилаб бормоқда. Жумладан, 2022 йилда мамлакатимиз 103-ўринда қайд этилган бўлса, орадан икки йил ўтиб, 2024 йилда 52-ўринга кўтарилди. Бу рақамлар ортида миллионлаб аёлларимизнинг орзулари, интилишлари ва уларни қўллаб-қувватлаётган давлат сиёсати мужассам.
Давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар бир аёлнинг қалбига ишонч, орзуларига қанот бағишламоқда. Ижтимоий ҳимоя тизимида оналик ва болаликни асраш, кўп фарзандли оналарни моддий қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган аёллар учун қулай шароитлар яратиш сингари эзгу ишлар жамиятимизда меҳр-мурувват туйғуларини янада кучайтирмоқда.
Аёлга бўлган эҳтиром – аслида ҳаётга бўлган эҳтиромдир. Чунки аёлнинг табассумида нур, сабрида куч, меҳрида эса бутун бир халқнинг қудрати мужассам. Шундай экан, аёлларимизнинг ҳар бир орзуси, ҳар бир ташаббуси давлат ва жамият қўлловига сазовор бўлаётгани Янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуқларидан биридир. Бугун Ўзбекистон аёли ўзини дадил, ишончли, эртанги кунини ёрқин тасаввур эта оладиган шахс сифатида намоён қилмоқда. Уларнинг орзулари қанот ёзса, жамиятнинг келажаги ҳам шунчалик порлоқ бўлади.
Гулсанам Норова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА