Жалолиддин – жасоратнинг мангу намунаси
Мард, қатъиятли, ватанпарвар аждодларимиз ҳаёти ибратга бой. Улар тарихини пухта ўрганиш бугуннинг долзарб вазифасидир.
Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Мазкур маърифий лойиҳа Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Ёзувчи ва шоирлар, маънавият тарғиботчилари, тарихчи олимлар, ҳарбийлар, педагоглар, талаба-ёшлар қатнашди.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, миллатимиз фахри, жасур саркарда, миллий қаҳрамон Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти, унинг тарихимиздаги ўчмас жасорати ёш авлод учун ўзига хос намунадир. Жалолиддин Мангубердининг ҳаёт йўли ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга садоқатли, жасорат, матонат, иродали қилиб тарбиялашда, инсонларни комилликка етаклаш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда муҳим маънавий қалқон вазифасини ўташи шубҳасиз.
Шу боис унинг меросини ўрганиш, ёш авлодга бу бой хазинанинг қадр-қиммати, аҳамиятини тушунтириш муҳимдир.
Шубҳасиз, Жалолиддин Мангуберди – миллий қаҳрамонларимиздан бири. 1999 йили мамлакатимизда жасур аждодимиз таваллудининг 800 йиллиги нишонланган. Диёримизда унга атаб бир неча ҳайкаллар ўрнатилган. 2000 йилнинг 30 август куни “Жалолиддин Мангуберди” ордени таъсис этилган. Бу орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт ободлиги йўлида самарали меҳнат қилаётган юртдошларимиз тақдирланиши анъанага кирган.
Шу билан бирга, ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мазкур орден билан мукофотланадилар. 2003 йилнинг 22 август куни ушбу орден билан Хоразм вилояти мукофотланган.
Жалолиддин, шунингдек, Туркманистонда ҳам ҳурмат қозонган бўлиб, унинг мўғулларга қарши жасорати бугунги кунда ҳам тараннум этилади. Аждодимиз ҳаётига оид тарихнинг янги қирраларини очиш, ўтмишнинг ўрганилмаган саҳифаларини кашф этиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Озодлик курашчиси, довюрак саркарда, миллий қаҳрамон, жаҳон халқлари тарихида ўчмас из қолдирган Жалолиддин Мангуберди жасоратининг ёш авлодни миллий ғурур ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги тарихий аҳамияти албатта, катта. Олимларнинг фикрича, мўғулларга қарши курашдаги жасорати, жанг тактикасини ўрганиш ёш ватанпарварлар учун ҳам завқли, ҳам мароқли. Айниқса, тарихда ном қолдирган 1221 йилда бўлиб ўтган Парвон жангида мўғулларга қақшатқич зарба беради. Миллий қаҳрамонимизнинг душманга асир тушмай ўзининг оти билан қоядан сувга сакраши кишини ларзага соладиган жасоратдир. Афсонага кўра, Чингизхон ёш султоннинг жасоратига тан бериб, ўзининг ўғилларига: “Ота ўғил мана шундай бўлиши лозим”, деган экан. Жасоратли ўғлон ўтда ёнмас, сувда чўкмас, номи билан тилларда достон, ўзбек халқининг мард ўғлонини ёшларга ўрнак бўлгувчи сифатлари, ўрганилмаган жиҳатлари кўп.
Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва фаолиятининг кенгроқ ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июлда тегишли фармойиши қабул қилинди. Унда Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий маҳоратига оид бадиий, илмий публицистик саҳна асарларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Туркия, Мўғилистон, Шарқ, Кавказорти ва бошқа хорижий мамлакатларда Жалолиддин Мангуберди тарихини ўрганиш борасида изланишлар олиб борган тадқиқотчилар билан алоқани ўрнатиш, илмий-маърифий муассасалар, кутубхона ва музейлар, архив ва қўлёзмалар фондларида сақланаётган нодир асарлар, тарихий хужжатларни ўрганиш, улардан нусхалар олиш ишларини ташкил этиш ва яна бир қатор амалий, эзгу ишларни олиб бориш кўзда тутилган.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2021 йил ноябрь ойида “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий амалий конференция ўтказиш бўйича таклифи илгари сурилди. Бугунги ўтказилаётган давра суҳбатининг мазмун-моҳияти ҳам мана шу эзгу ишларнинг дебочасидир.
Давра суҳбатида буюк саркарданинг жанговор ҳаётига оид жуда кўп маълумотларга эътибор қаратилди. Келгусида қилинадиган ишлар режалаштириб олинди.
Н.УСМОНОВА, ЎзА