Жаҳон кубоги босқичида хитойлик сузувчилар етакчи
“Олимпия шаҳарчаси”нинг Сув спорти саройида сузиш бўйича жаҳон кубоги босқичининг учинчи кунги беллашувларига ҳам старт берилди.
Бугун, 10 октябрь куни жаҳон кубоги босқичи дастурида аёллар ўртасида 1500 метрга эркин, 100 метрга баттерфляй, эркин, 200 метрга чалқанча ҳамда комплекс, 50 метрга брасс, эркаклар ўртасида эса 400 метрга комплекс, 50 метрга баттерфляй, 100 метрга чалқанча, 200 метрга брасс ва эркин усулларда сузиш бўйича финал баҳслари ўтказилади.
Мусобақанинг 9 октябрь кунги беллашувларида эркаклар ўртасида 100, 800 метрга эркин, 50 метрга чалқанча ва брасс, 200 метрга комплекс ҳамда баттерфляй, аёллар ўртасида эса 400 метрга комплекс, 200 метрга эркин, 100 метрга чалқанча ва брасс, 50 метрга баттерфляй усулларида сузиш бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Қувонарлиси, жаҳон кубогининг иккинчи кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Илья Сибирцев бронза медалини қўлга киритди. Ҳамюртимиз 800 метрга эркин усулда сузиш баҳсларида 7:40.77 натижа кўрсатиб, Ўзбекистон рекордини янгилади ва шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди.
Мазкур масофада бельгиялик Лукас Ҳенво 7:37.83 натижа билан олтин, америкалик Карсон Фостер эса 7:40.38 натижа билан кумуш медалга сазовор бўлди.

Жаҳон кубоги босқичининг иккинчи кунги беллашувлари якунига кўра, медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида Хитой терма жамоаси 4 та олтин ва 2 та бронза медали билан биринчи ўринда бормоқда. Россиялик спортчилар ҳисобида 3 та олтин, 4 та кумуш ва 5 та бронза, нидерландиялик сузувчиларда эса 3 тадан олтин ва бронза ҳамда 1 та кумуш медаль бор ва улар кучли учликдан жой олган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА