Жаҳон ҳамжамияти нигоҳидаги Мўйноқ
Ҳар сафар Мўйноқ тумани ёки Оролбўйининг чекка ҳудудларида амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишар эканмиз, хаёлимизга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг “Бу ер ҳали зўр бўлади!” деган сатри келади.Ҳар сафар Мўйноқ тумани ёки Оролбўйининг чекка ҳудудларида амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишлари билан танишар эканмиз, хаёлимизга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Ибройим Юсуповнинг “Бу ер ҳали зўр бўлади!” деган сатри келади.
Амалга оширилаётган ишлар натижасида таниқли шоирнинг орзу-умидлари бугунги кунда ҳақиқатга айланаётгандек.
Сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда турли жабҳаларда кенг кўламли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан, Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ишларни алоҳида қайд этиш зарур.
Давлатимиз раҳбари 2018 йилда Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш орқали фожиа таъсирини камайтириш, ҳудуд аҳолиси ҳаётини енгиллаштириш вазифасини илгари сурган эди. Бу ташаббус нафақат Оролбўйи, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланди.
[gallery-6014]
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Орол денгизи тубида суви қуриган ҳудудларда яшил қопламалар ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича 2018 йилнинг куз, қиш ва 2019 йилнинг баҳор мавсумида 460,8 минг гектарда, 2019 йил куз, қиш ва 2020 йил баҳор мавсумида эса 703,3 минг гектар майдонда маданий ўрмонзор ва 3 минг гектарда чорва моллари учун яйлов ташкил этилди.
2020 йил куз, қиш ва 2021 йил баҳор мавсумида бу ишлар давом эттирилди. Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида жами 458,4 минг гектар ўрмонзор барпо этилди. Хусусан, уруғдан 340,8 минг ва кўчатдан 12,6 минг гектар ҳамда кўкарувчанлиги паст бўлган ўрмонзорларни тўлиқтириш мақсадида қўшимча 104,9 минг гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилди. Ўтган йилда 696 тонна саксовул, 97 тонна қандим, 706 тонна қорабўроқ ва 13 тонна яйлов ва чўл ўсимлиги, жами 1511 тонна уруғ тайёрланди. Ушбу ўрмон-мелиоратив тадбирлар учун ўрмон хўжаликларидан 500 нафар, вилоятлар ташкилотларидан 213 нафар ходим, шу билан бирга 130 дона юқори унумли трактор, 4 дона кичик авиация (АН-2) ҳамда бошқа техника ва механизмлар жалб қилинди.
Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди. Бу ерда экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбатлашди. Мазкур ишларни эндиликда илмий асосланган тарзда давом эттирилишини қайд этди.
Хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда “яшил қоплама” барпо қилиш учун яна саксовул, қорабўроқ, қандим, чўл ўсимликлари уруғи тайёрланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги “Орол денгизининг қуриган тубида олиб борилаётган ўрмон-мелиорация тадбирларини янада ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси муассислигида “Ўрмон хўжалиги машина-трактор парки” давлат унитар корхонаси ташкил этилиши бу ишларни жадаллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги ташкил этилган корхонанинг асосий вазифаси, ҳимоя ўрмонзорларини барпо этиш учун ер тайёрлаш, экиш қаторларини ташкил этиш, чўл ўсимликлари уруғларини жамғариш, чўл ва яйлов ўсимликлари ареалини кенгайтириш, саксовул ва бошқа ўсимликлар ниҳолхоналари, шунингдек, манзарали кўчатхоналар ташкил этиш, ўрмон-мелиорация, агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобланади. Мазкур қарор билан корхона 230 та қишлоқ хўжалиги техникаси ва механизми билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида 2020-2023 йилларда Мўйноқ туманида 232 миллиард 575 миллион сўмлик 73 та лойиҳани амалга ошириш, шунинг ҳисобидан 589 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Шундан ўтган йилнинг Инвестиция дастурига киритилган 26,7 миллиард сўмлик 16 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда 88 та янги иш ўрни ташкил этилди. Жорий йилда эса 110,2 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилади ва 429 та янги иш ўрни яратилади. Биргина “MUYNAK LDSP” корхонасининг ишга туширилиши билан 200 фуқаронинг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, туманга бириктирилган Тошкент вилояти тадбиркорлари томонидан 2022-2024 йиллар мобайнида 366,4 миллиард сўмлик 19 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, 799 та янги иш ўрни яратилади.
Бугун Мўйноқ жаҳон ҳамжамияти эътиборида. Туманда жорий йилнинг 6-8 май кунлари бўлиб ўтадиган анъанавий “Стихия-2022” халқаро электрон мусиқий фестивалида Германия, Грузия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Нидерландия, Россия, Украина, Франция, Швеция ва Япония давлатлари вакилларининг меҳмонда бўлиши кутилмоқда.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА