Жаҳон дзюдо ихлосмандларининг эътибори Тошкентга қаратилди
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” яккакурашлар мажмуасида 21 ёшгача бўлган дзюдочилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
81 мамлакатнинг 600 нафарга яқин маҳоратли спортчилари қатнашаётган дунё биринчилигининг юртимизда ташкил этилиши Ўзбекистоннинг халқаро спорт майдонидаги нуфузини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшиш билан бирга, ёш спортчиларимиз учун жаҳон миқёсидаги мусобақаларда иштирок этиш кўникмасини оширадики, бу, маҳоратли дзюдочиларнинг янги авлоди камол топишига ижобий таъсир кўрсатиши билан аҳамиятлидир.
Чемпионатнинг тантанали очилиш маросимида миллий санъатимизнинг замонавийликка уйғунлашган нодир дурдоналари, бетакрор куй ва рақслар гулдастаси, дунёга мутлақо янгича қиёфада танилаётган жонажон ватанимизнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ютуқларини ифода этадиган “Ўзбекистонга хўш, келибсиз” видеолавҳаси намойиш этилди.
Иштирокчи мамлакатларнинг номлари алоҳида айтилиб, 81 та давлатнинг байроқлари кенг майдон узра тамошабинлар олқишлари остида олиб ўтилганлиги чемпионатда қатнашаётган спорт жамоаларига, Тошкент татамиларидаги беллашувларни ўнлаб теле дастурлар, ижтимоий тармоқлар, интенет блоклари орқали кузатиб бораётган дунёнинг турли бурчакларидаги дзюдо ихлосмандларига бир олам завқ бағишлади.
Маросимда иштирок этган Халқаро дзюдо федерацияси президенти Марус Везер, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов дзюдо спортининг юртимиздаги оммавийлигини ошириш ва ёш авлод ўртасида спортга бўлган қизиқишни кучайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларга тўхталиб, Ўзбекистоннинг йирик спорт мусобақаларини ташкил этиш ва халқаро спорт туризми йўналишидаги салоҳияти йилдан йилга юксалаётганлигини эътироф этишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда ташкил этилаётган бу галги дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги дунё биринчилиги бир қатор рекордлари, кўрсаткичлари билан алоҳида ажралиб туради.
Хусусан, 2025 йили Перунинг Лима шаҳрида ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 65 та давлатнинг 463 нафар спортчиси қатнашган бўлса, Ўзбекистондаги чемпионатда 81 та мамлакат вакиллари совринли ўринларга даъвогарлик қилолмоқда.
Мазкур кўрсаткич иштирок этадиган спортчилар сони бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг юқори натижа сифатида қайд этилди.
Бундан ташқари, бу сафарги чемпионатда ёш бўлса-да катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида совринли ўринларни эгаллаган катталар ўртасидаги амалдаги жаҳон чемпиони япониялик Ли Хёнжи, ёшлар жаҳон чемпиони, катталар ўртасида жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби сербиялик Борис Рутович, 18 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпиони, 21 ёшгача бўлганлар орасида жаҳон чемпионати совриндори, АҚШлик Жонатан Янг, Олимпия ўйинлари ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати совриндори швециялик Тара Бабулфатх, катталар ўртасидаги Европа чемпионати совриндори россиялик Абдуллах Парчиев сингари ўнлаб номдор дзюдочиларнинг иштирок этаётганлиги мусобақаларнинг муросасиз ўтишини таъминлади.
Шу ўринда, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 2021–2025 йиллар оралиғидаги 21 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларидаги натижаларига эътибор қаратсак.
Мамлакатимизнинг ёш дзюдочилари ўтган беш йилликдаги дунё биринчиликларида умумий ҳисобда 17 та медалга эгалик қилган бўлса, шундан 2 та олтин, 4 та кумуш ва 11 та бронза медал қўлга киритилган.
Хусусан, 2021 йили Италияда 72 та давлат вакиллари иштирокидаги дунё биринчилигида ёш спортчиларимиз 1 тадан кумуш ва бронза, 2022 йили Эквадорда 63 та миллий терма жамоалар қатнашган биринчиликда биттадан олтин ва кумуш, 2 та бронза, 2023 йили Португалияда 68 та давлат дзюдочилари иштирокидаги биринчиликда 1 та кумуш, 2024 йили Тожикистонда 67 та мамлакат вакиллари қатнашган жаҳон чемпионатида 1 та олтин, 3 та бронза ва 2025 йилда Перу кечган дунёнинг энг маҳоратли ёшлари жамланган биринчиликда 1 та кумуш, 5 та бронза медал жамғарилган.
[gallery-32646]
Бу сафар мамлакатимиз мезбонлигида ўтаётган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 16 нафар дзюдочи қизлари ва 32 нафар навқирон йигитлари ўз маҳоратини намойиш этмоқда.
Уларнинг кўпчилиги қитъа чемпионатларида, халқаро турнирларда юксак натижаларга эришган спортчилар саналса, бир қатор ёш дзюдочиларимиз ўтган йили мамлакатимизда ўтказилган “Президент олимпиадаси”, Беш ташаббус олимпиадаси” сингари мусобақаларда тобланганлар саналади.
Байрамона тарзда кечган жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросимидан кейин мусобақа дастурига мувофиқ, бешта вазн тоифасида финал ва ярим финал мусобақалари давом эттирилди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА