Дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди
Пойтахтимизда дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати давом этмоқда. Бугун, 21 ноябрь куни "Олимпия шаҳарчаси"да ушбу нуфузли мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Умаров, Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, ҳамда мамлакатимиз дзюдо федерацияси раҳбари Азиз Комилов иштирок этди.
Маросим аввалида мусобақада иштирок этаётган давлатлар байроқлари тантанали равишда олиб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Миллий санъат ва маданиятимизни намоён этган чиқишлар тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Маросимда спорт вазири Адҳам Икромов ва Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг илк бор ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилаётгани, мусобақага тайёргарлик ишлари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, бу мамлакатимизда спорт, жумладан, дзюдо спортига давлат раҳбари томонидан қаратилаётган юксак эътибор ва қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси экани қайд этилди.


Таъкидлаш лозимки, аввалроқ Иордания пойтахти Аммон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати минтақадаги вазият билан боғлиқ хавфсизлик ва ташкилий масалалар сабаб Тошкентга кўчирилди. 2026 йил 22 апрель куни Халқаро дзюдо федерацияси Ўзбекистонни мусобақанинг янги мезбони сифатида эълон қилди.
Бундай қарор қабул қилинишида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг ташаббуси, мамлакатимизда йирик халқаро мусобақаларни ўтказиш учун яратилган шароитлар ва давлат томонидан спортга қаратилаётган эътибор муҳим ўрин тутди. Натижада Тошкент жаҳоннинг 78 та давлатидан келган ёш дзюдочиларни бир майдонда жамлаган нуфузли мусобақага мезбонлик қилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда дзюдо спортини ривожлантириш ва оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда уларни профессионал спортга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, ихтисослашган таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда, мураббийлар салоҳиятини ошириш ва ёш дзюдочиларнинг халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун имкониятлар кенгайтирилмоқда.
Очилиш маросимидан сўнг кун дастуридан ўрин олган ҳал қилувчи беллашувлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг +100 килограмм вазн тоифасидаги вакили Фазлиддин Рафиқов бронза медали учун кечган баҳсда туркиялик Маҳмутжан Маденни мағлуб этиб, жаҳон чемпионатининг совриндорига айланди.
Шу тариқа, терма жамоамиз яккалик беллашувларини биттадан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан якунлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент мезбонлик қилаётган жаҳон чемпионатида 78 та мамлакатдан 574 нафар дзюдочи иштирок этмоқда. Эртага мусобақанинг сўнгги куни аралаш жамоавий беллашувлар ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
Сарвар Ўрмонов (сурат),
ЎзА