Жаҳон чемпионатида боксчиларимиз порламоқда
Черногориянинг Будва шаҳрида 19 ёшгача бўлган чарм қўлқоп усталари ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этмоқда.
Чемпионатнинг -55 кг. вазн тоифасидаги баҳсларида иштирок этаётган Элёр Рустамов илк жангини англиялик Реубен Хуцманнга қарши ўтказди. Беллашувда боксчимиз рақибини 5:0 ҳисобида таслим этди. Шунингдек, -85 кг. вазнда юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Сардорбек Баҳромхўжаев ливанлик Адам Мадааранини биринчи раундда техник нокаут билан мағлубиятга учратди.
Жаҳон чемпионатининг -50 кг. вазн тоифасида Амиржон Субҳонов мексикалик Гаел Ривасга кутилмаганда имкониятни бой бериб қўйди.
Бугун, 19 октябрь куни жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг қуйидаги 4 нафар вакили рингга кўтарилади:
-54 кг: (қизлар): Шодиёна Мелиқўзиева — Сирю Ян (Хитой);
-60 кг (йигитлар): Муҳаммад Ризо Укимов — Умар Ибахиев (Россия);
-70 кг: Зулфиқор Адҳамжонов — Муҳаммад Монсеф Бенмазуз (Жазоир);
-75 кг: Суҳроб Раҳматуллаев — Рамазан Амир (Қозоғистон).
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА