Осиёнинг энг кучли стол теннисчилари Тошкентда аниқланади
Бугун, 19 октябрь куни пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” спорт мажмуасида стол тенниси бўйича Осиё чемпионати баҳслари бошланади.
Мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётган қитъа чемпионатининг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бир қатор ўйинларда ўз иқтидорини намойиш этади.
Жумладан, Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси аъзолари дастлабки саралаш мусобақасида аввал Туркманистон, кейин Саудия Арабистони вакиллари билан куч синашса, аёллар гуруҳида ҳамюртларимиз Иордания билан тўқнаш келади.

33 та давлатнинг энг маҳоратли кичик ракетка усталари қатнашаётган Осиё чемпионатининг очилиш маросими эртага, 20 октябрь куни бўлиб ўтади.
Яккалик, жамоавий, аралаш жамоавий йўналишларда бошланган Осиё чемпионати мусобақалари 25 октябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА