Жаҳон чемпионати йўлланмаси шарафига махсус олтин ва кумуш тангалар чиқарилади
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тарихда илк бор йўлланма олгани мамлакат спорт ҳаётидаги энг муҳим воқеалардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Ушбу унутилмас ютуқни абадийлаштириш мақсадида Марказий банк махсус эсдалик тангаларини муомалага чиқаришини маълум қилди.
Марказий банк матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур эсдалик тангалари 999,9 аслликдаги соф олтин ва кумушдан зарб этилган бўлиб, улар чекланган миқдорда ишлаб чиқарилган. Хусусан, оғирлиги 31,1 грамм бўлган 100 дона олтин ва 1000 дона кумуш танга тайёрланган.
Эсдалик тангалари 18 июндан бошлаб республика бўйлаб тижорат банкларининг 690 та филиали орқали сотувга чиқарилади. Тангаларнинг нархи ҳамда банклардаги мавжудлиги ҳақидаги янгиланган маълумотлар Марказий банкнинг расмий ахборот платформалари орқали мунтазам эълон қилиб борилади.

Танганинг аверс қисмида Ўзбекистон футбол ассоциацияси логотипи, футбол тўпи тасвири ҳамда “Тарихий зафар. Ўзбекистон футболи жаҳон чемпионатида — 2026” деган ёзув жой олган. Шунингдек, унда “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки” ёзуви ва 100 минг сўмлик номинал қиймат ҳам акс эттирилган. Концепцияга кўра, мазкур дизайн миллий терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига илк бор чиққани ва мамлакат футболи тарихида янги саҳифа очилганини рамзий ифодалайди.
Танганинг энг диққатга сазовор жиҳатларидан бири — унинг бадиий ечими ҳисобланади. Дизайнда миллий терма жамоанинг 26 нафар футболчиси силуэтлари мухлислар орасида “Оқ бўрилар” номи билан машҳур бўлган рамзий образга уйғунлаштирилган. Реверс қисмидаги бўри силуэти жамоанинг жасорати, бирдамлиги, матонати ва ғалабага бўлган интилишини ифодалайди.
Шунингдек, тангалар дизайнида миллий терма жамоа либосларида қўлланилган нақшлардан ҳам фойдаланилган. Ушбу безаклар юртимизнинг тарихий обидалари меъморчилигидан илҳомланиб яратилган бўлиб, халқимизнинг бой маданий мероси ва кўп асрлик тарихини ўзида мужассам этган. Эсдалик тангалари учун махсус қути ҳам ишлаб чиқилган. Футбол майдони шаклидаги ушбу қути марказига танга жойлаштирилиб, маҳсулотнинг коллекцион аҳамиятини янада оширади.

Мазкур тангалар нафақат тўлов воситаси, балки юқори бадиий ва коллекцион қийматга эга ноёб нумизматик маҳсулот ҳисобланади. Ушбу ташаббус Ўзбекистон футболининг тарихий ютуғини келажак авлодлар хотирасида сақлаб қолишга хизмат қилиши билан аҳамиятли.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА