Хитойнинг глобал бошқарув ташаббуси: адолатли дунё тартиби сари қадам
Пекинда Хитой Давлат кенгаши Матбуот девони томонидан “Янада адолатли ва оқилона глобал бошқарув тизимини шакллантириш: Хитойнинг концепциялари, ташаббуслари ва ҳаракатлари” номли Оқ китоб эълон қилинди.
Ҳужжатда бугунги мураккаб халқаро шароитда глобал бошқарувни такомиллаштириш, кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва умумий тараққиётни таъминлашга доир ёндашувлар ўз ифодасини топган.
Оқ китобда таъкидланишича, глобал бошқарув инсоният фаровонлиги билан бевосита боғлиқ бўлиб, адолатли ва мувозанатли халқаро тизимни шакллантириш барча давлатларнинг умумий манфаатларига хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан, Хитой ўзини глобал бошқарув жараёнларининг фаол иштирокчиси ва амалий ҳисса қўшувчи мамлакат сифатида намоён этмоқда.
Ҳужжатда Хитой Раиси Си Цзиньпин илгари сурган инсоният тақдири муштарак ҳамжамияти концепцияси ҳамда ҳақиқий мультилатерализм тамойиллари алоҳида қайд этилган. Ушбу ёндашув халқаро муносабатларда тенгликни таъминлаш, давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва иқтисодий глобаллашув самараларидан барча манфаатдор томонларнинг баҳраманд бўлишини кўзда тутади.
Айни пайтда дунё турли геосиёсий қарама-қаршиликлар, иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги каби мураккаб синовларга дуч келаётган бир шароитда глобал муаммоларни бир давлат ёки минтақа доирасида ҳал этиш имкони чеклангани тобора яққол намоён бўлмоқда. Шу боис халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ўрнини сақлаб қолиш муҳим аҳамият касб этади.
Оқ китобда БМТ низоми мақсад ва тамойилларига таянган халқаро ҳуқуқ тизимини қўллаб-қувватлаш, давлатлар суверен тенглигини таъминлаш ҳамда тараққиётдаги тафовутларни қисқартириш глобал бошқарувни ислоҳ қилишнинг муҳим шартлари сифатида баҳоланган.
Мазкур ёндашувлар Ўзбекистон ташқи сиёсатида илгари сурилаётган очиқлик, конструктив мулоқот ва кўп томонлама ҳамкорлик тамойиллари билан ҳам уйғунлик касб этади. Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилиб, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бормоқда.
Экспертлар фикрича, глобал бошқарувни такомиллаштиришга қаратилган ташаббуслар халқаро муносабатларда ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ривожланаётган мамлакатларнинг манфаатларини кенгроқ ҳисобга олиш ҳамда барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш учун қўшимча имкониятлар яратади.

Шу маънода, Хитойнинг мазкур Оқ китоби глобал бошқарувнинг келажаги ҳақидаги халқаро муҳокамаларга янги мазмун бағишлаши, адолатли ва барқарор дунё тартибини шакллантириш борасидаги саъй-ҳаракатларни рағбатлантириши билан аҳамиятлидир.
Нилуфар Бозорова, ЎзА