Жаҳон чемпионати: Мексика 100 фоизлик натижа қайд этди, Босния ва Герцеговина тарихий ютуққа эришди
Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг навбатдаги учрашувлари якунланди. Мексика максимал 9 очко билан плей-оффга чиқди, Босния ва Герцеговина эса ўз тарихида илк бор мундиалнинг ҳал қилувчи босқичига йўлланма олди.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳслари якунланиб бормоқда. Навбатдаги учрашувлардан кейин бир қатор терма жамоалар плей-офф босқичига чиқиш вазифасини муваффақиятли ҳал этган бўлса, айрим жамоалар учун мундиал эрта якунланди.
“A” гуруҳида Мексика терма жамоаси учинчи турда Чехияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, гуруҳ босқичини максимал натижа — 9 очко билан якунлади. Матео Чавес, Хулиан Киньонес ҳамда Фидальго томонидан киритилган голлар мезбонларга навбатдаги ғалабани тақдим этди. Шу тариқа мексикаликлар гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига йўл олди.
Гуруҳнинг яна бир учрашувида Жанубий Африка Республикаси Жанубий Кореяни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Тапело Масеко томонидан киритилган ягона гол африкаликларга муҳим уч очко келтирди. Натижада Ҳуго Брос шогирдлари 4 очко билан иккинчи ўринни эгаллаб, кейинги босқич масаласини ҳал қилди. Жанубий Корея эса учинчи ўринда қолган бўлса-да, энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторида плей-оффга чиқиш имкониятини сақлаб турибди.

“B” гуруҳида эса Швейцария терма жамоаси Канада устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, 7 очко билан гуруҳ ғолиби сифатида плей-оффга чиқди. Канада ҳам 4 очко билан иккинчи ўринни сақлаб қолган ҳолда кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди.
Мазкур гуруҳдаги яна бир баҳсда Босния ва Герцеговина Қатарни 3:1 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу натижа боснияликлар учун тарихий аҳамият касб этди. Чунки жамоа ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатининг плей-офф босқичига чиқишни кафолатлади. Бу имконият Шотландиянинг Бразилияга йирик ҳисобда мағлуб бўлиши ортидан расман тасдиқланди. Босния ва Герцеговина 4 очко билан гуруҳда учинчи ўринни эгаллади ва энг яхши учинчи ўрин соҳиблари қаторида мундиалдаги иштирокини давом эттиради. Қатар эса 1 очко билан мусобақани тарк этди.

“C” гуруҳида Бразилия терма жамоаси Шотландияни 3:0 ҳисобида мағлуб этиб, плей-офф босқичига чиқди. Винисиус Жуниор дубль қайд этган бўлса, яна бир гол Матеус Куня ҳисобига ёзилди. Шунингдек, Неймар қарийб уч йиллик танаффусдан сўнг миллий жамоа сафида яна майдонга тушди.
Гуруҳнинг иккинчи учрашувида Марокаш Гаитини 4:2 ҳисобида мағлуб этди. Натижада Бразилия ва Марокаш бир хил — 7 очкодан жамғарди. Бироқ қўшимча кўрсаткичларга кўра бразилияликлар биринчи ўринни сақлаб қолди. Шотландия 3 очко билан учинчи, Гаити эса очкосиз сўнгги ўринни эгаллади.

Шу тариқа гуруҳ босқичининг навбатдаги туридан кейин Мексика, Жанубий Африка Республикаси, Швейцария, Канада, Босния ва Герцеговина, Бразилия ҳамда Марокаш терма жамоалари плей-офф босқичида иштирок этиши аниқ бўлди. Энди асосий эътибор қолган гуруҳлардаги ҳал қилувчи баҳсларга қаратилмоқда. Улар мундиалнинг ҳал қилувчи босқичида иштирок этадиган жамоаларнинг тўлиқ рўйхатини шакллантиради.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА