Жаҳон чемпионати: Бугун “D”, “E” ва “F” гуруҳларида "жанг" бўлади
Жаҳон чемпионатида бугун “D”, “E” ва “F” гуруҳларида сўнгги тур баҳслари ўтказилиб, плей-офф босқичига йўл оладиган навбатдаги жамоалар номи маълум бўлади.
Футбол бўйича XXIII Жаҳон чемпионатининг бугунги дастуридан “D”, “E” ва “F” гуруҳларидаги сўнгги тур баҳслари ўрин олган.
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтаётган мундиалда мазкур гуруҳларда иштирок этаётган терма жамоаларнинг кейинги босқичга чиқиш тақдири ҳал бўлади.
Шуни таъкидлаш жоизки, бугунги учрашувлар мамлакатимиз вақти билан 26 июнь кунига тўғри келади. “E” гуруҳида Эквадор — Германия ҳамда Кюрасао — Кот-д’Ивуар терма жамоалари ўзаро муносабатларга ойдинлик киритади. Мазкур ўйинлар тунги соат 01:00 да бошланади.
Айни пайтда Германия терма жамоаси икки турдан кейин 6 очко билан гуруҳ пешқадами бўлиб турибди. Кот-д’Ивуар ҳисобида 3 очко мавжуд. Эквадор ва Кюрасао эса биттадан очко жамғарган. Шу боис қолган уч жамоа плей-офф босқичига чиқиш учун ҳал қилувчи баҳсларда майдонга тушади.

“F” гуруҳидаги сўнгги тур учрашувлари тонгги соат 04:00 да старт олади. Бу гуруҳда Тунис — Нидерландия ва Япония — Швеция терма жамоалари ўзаро куч синашади. Айни дамда Нидерландия ва Япония терма жамоаларида 4 очкодан бор. Швеция 3 очко билан кейинги босқич учун курашни давом эттираётган бўлса, Тунис ҳозирча очко жамғара олмаган.
“D” гуруҳида эса Парагвай — Австралия ҳамда Туркия — АҚШ терма жамоалари майдонга тушади. Соат 07:00 да бошланадиган баҳслар ичида Парагвай ва Австралия ўртасидаги тўқнашув алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Сабаби, ҳар икки жамоа ҳисобида 3 очкодан мавжуд бўлиб, улар иккинчи йўлланма учун кураш олиб бормоқда. АҚШ терма жамоаси эса 6 очко билан гуруҳда етакчилик қилмоқда. Туркия ҳисобида ҳозирча очко йўқ.
Бугунги баҳслардан сўнг Жаҳон чемпионатининг яна бир нечта иштирокчилари плей-офф босқичи йўлланмасини қўлга киритади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА