"Жаҳон чемпионати-2026": Аргентина чемпионликни қанчалик ҳимоя қила олади?
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатига саноқли кунлар қолар экан, мутахассислар ва мухлислар эътибори амалдаги Жаҳон чемпиони — Аргентина миллий терма жамоасига қаратилмоқда. Лионель Скалони бошчилигидаги жамоа тўрт йил аввал Қатарда қўлга киритилган чемпионликни ҳимоя қилиш вазифаси билан мундиалга йўл олмоқда. Аргентина бу гал ҳам бош соврин учун асосий даъвогарлар қаторида саналади.
Шунингдек, мундиал арафасида энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Лионель Мессининг иштироки бўлмоқда. Аргентина сардори Жаҳон чемпионатлари тарихидаги рекордни такрорлаб, ўз фаолиятидаги олтинчи мундиалда қатнашади. Мутахассислар қайд этаётганидек, 2022 йилги чемпионликдан сўнг Мессига бўлган босим анча камайган. Энди у нафақат жамоа етакчиси, балки ёш авлод учун тажриба ва илҳом манбаи сифатида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Кўплаб халқаро нашрлар эса ушбу мундиални унинг сўнгги Жаҳон чемпионати сифатида ҳам баҳоламоқда.

Скалони эълон қилган якуний таркибда “Қатар-2022” чемпионларининг асосий ўзаги сақлаб қолинган. Эмилиано Мартинес, Родриго Де Пауль, Алексис Макаллистер, Энсо Фернандес, Лаутаро Мартинес ва Хулиан Альварес каби футболчилар яна миллий жамоа шарафини ҳимоя қилади. Шу билан бирга, Николас Пас, Валентин Барко ва Жулиано Симеоне сингари ёш истеъдодлар ҳам таркибдан жой олган.
Жаҳон чемпионатида аргентиналиклар “J” гуруҳидан ўрин олган бўлиб, Жазоир, Австрия ва Иордания терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради. Гуруҳ иштирокчиларининг мундиалгача бўлган йўли ҳам турлича кечган.

Хусусан, Аргентина терма жамоаси КОНМЕБОЛ саралаш босқичида 38 очко жамғариб, мундиал йўлланмасини ишончли тарзда қўлга киритди. Шу тариқа жамоа ўз тарихида 19-марта Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этади. Аргентиналиклар бугунга қадар уч марта Жаҳон чемпиони бўлган бўлса, икки бор кумуш медаль соҳибига айланган.
Жазоир миллий терма жамоаси Африка саралаш босқичининг “G” гуруҳида 25 очко тўплаб, биринчи ўринни эгаллади ва мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа шимолий африкаликлар ўз тарихида бешинчи марта Жаҳон чемпионатида иштирок этади. Қизиқ жиҳати, Жазоир 1966 йил Англияда ўтган мундиалда иштирок этиш имкониятига эга бўлган бўлса-да, сиёсий сабабларга кўра мусобақада қатнашмаган.

Иордания миллий терма жамоаси эса Осиё саралаш босқичини муваффақиятли якунлаб, ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичига йўл олди. Бу натижа мамлакат футболи тарихидаги энг йирик ютуқ сифатида баҳоланмоқда.
“J” гуруҳидаги яна бир даъвогар — Австрия терма жамоаси Европа саралаш босқичининг “H” гуруҳида 19 очко тўплаб, мундиал йўлланмасини қўлга киритди. Шу тариқа австрияликлар Жаҳон чемпионати финал босқичида саккизинчи марта иштирок этади. Жамоанинг энг яхши натижаси 1954 йилда қўлга киритилган бронза медали ҳисобланади.

Тарихий манбаларга кўра, Австрия 1938 йилги Францияда ўтказилган Жаҳон чемпионатига ҳам йўл олган. Бироқ, мамлакатнинг Германия томонидан қўшиб олиниши — Аншлюс воқеаси сабабли терма жамоа мусобақада иштирок этмаган. Натижада бир қатор австриялик футболчилар Германия терма жамоаси сафида мундиал баҳсларида майдонга тушган.
“J” гуруҳи учрашувлари 16–27 июнь кунлари ўтказилади:
16 июнь: Аргентина — Жазоир (“Arrowhead Stadium”, Канзас-Сити)
16 июнь: Австрия — Иордания (“Levi’s Stadium”, Санта-Клара)
22 июнь: Аргентина — Австрия (“AT&T Stadium”, Арлингтон)
22 июнь: Иордания — Жазоир (“Levi’s Stadium”, Санта-Клара)
27 июнь: Жазоир — Австрия (“Arrowhead Stadium”, Канзас-Сити)
27 июнь: Иордания — Аргентина (“AT&T Stadium”, Арлингтон)
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА