Ўзбекистонлик ҳакамлар мундиал олдидан АҚШдаги йиғинни бошлади
Жорий йилнинг 11 июнь — 19 июль кунлари АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида нафақат миллий терма жамоамиз футболчилари, балки ўзбекистонлик ҳакамлар ҳам фаолият юритади.
ФИФА томонидан 2026 йилги мундиал учрашувларини бошқариш учун жалб этилган бош ҳакам Илгиз Танташев ҳамда ёрдамчи ҳакамлар Андрей Сапенко ва Тимур Гайнуллин АҚШга етиб борди.

Айни кунларда ҳамюртларимиз ФИФА томонидан ташкил этилган махсус ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиб, жисмоний ва назарий тайёргарлик устида иш олиб бормоқда. Мазкур йиғинлар мундиал баҳсларида ишлайдиган ҳакамлар учун муҳим тайёргарлик босқичи ҳисобланади.
Таъкидлаш жоиз, Жаҳон чемпионатида илк бор иштирок этадиган Ўзбекистон миллий терма жамоаси қаторида мамлакатимиз ҳакамларининг ҳам мундиал ўйинларига жалб этилиши ўзбек футболининг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА