Жаҳон банки газ тармоқларидаги сизиб чиқишларни камайтириш учун Ўзбекистонга 10,6 миллион доллар грант ажратди
Жаҳон банки Ўзбекистонда газ узатиш инфратузилмасидаги сизиб чиқишларни камайтириш ва табиий газдан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида 10,6 миллион доллар миқдорида грант ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда банкнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу маблағлар эскирган газ тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш, газ йўқотишларини қисқартириш ҳамда аҳоли ва саноат корхоналарини барқарор таъминлашга йўналтирилади. Лойиҳани амалга ошириш энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, давлат даромадларини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Маълумотларга кўра, техник хизмат ва таъмирлаш ишларига етарлича сармоя киритилмагани сабабли мамлакат газ узатиш инфратузилмасининг бир қисми эскирган. Агар зарур чоралар кўрилмаса, 2030 йилга бориб газ йўқотишлари 1,75 миллиард куб метрга етиши мумкин. Бу эса тахминан 228 миллион долларлик даромад йўқотилишига олиб келади.
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасиннинг таъкидлашича, газ узатиш тизими самарадорлигини ошириш газ йўқотишларини камайтиради ва аҳоли ҳамда бизнес учун арзон энергия ҳажмини кўпайтириш имконини беради.
Лойиҳа Жаҳон банкининг Глобал газ ёқиш ва метан чиқиндиларини камайтириш (GFMR) траст жамғармаси гранти ҳисобидан молиялаштирилади. У «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан бошқариладиган газ узатиш тармоқларида сизиб чиқишларни аниқлаш ва бартараф этиш тизимини йўлга қўйишга қаратилган.
Лойиҳа доирасида 2029 йилга қадар таъмирлаш ишлари орқали қарийб 47,5 минг тонна газ сизиб чиқишининг олдини олиш режалаштирилган. Бу эса тахминан 18 миллион доллар маблағни тежаш имконини беради. Тежалган маблағлар газ тармоқларини модернизация қилиш ва қўшимча таъмирлаш ишларига йўналтирилади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида «Ўзтрансгаз» АЖ учун замонавий ускуналар харид қилиниб, мутахассислар ўқитилади. Табиий газнинг асосий компоненти бўлган метан чиқиндиларини ўлчаш ва ҳисобот юритишнинг халқаро стандартларини жорий этиш ҳам назарда тутилган.
Мазкур лойиҳа газ тармоқларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитга зарарли чиқиндиларни камайтириш ва мамлакат энергетика тизимининг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА