“Jahon adabiyoti”нинг янги сони нашрдан чиқди...
Жаҳон адабиёти деганда кўз ўнгимизда аввало миллий адабиётимиз доирасидан ташқаридаги энг сара дея тан олинган асарлар ва уларнинг муаллифлари гавдаланади.
Нафсиламбрини айтганда, бу асарлар қандай мезонлар билан ўлчаниб, саралиги аниқланади, деган шубҳали ўй кўнгилга келаверади. Жаҳон адабиёти вакиллари деб ном олган “темир дафтар”га боқиб туриб ҳам шу ўй тинчлик бермайди. Очиғини айтиш керак, ҳар икки рўйхат ҳам нисбий. Бу рўйхатга истаган китобхон ҳам киритиб қўйиши мумкин бўлган адиблар бўлади. Масалан, мен кеча чин дунёга сафар қилган камсуқум ёзувчимиз Олим Отахон ва бир неча шоир-ёзувчиларимизни ушбу рўйхатда кўраман.
Ўқувчи вақт сарфлаб ўқиётган мутолаасидан нимадир олиши, кўнгли тўлиши керак. Акс ҳолда ҳаммаси бир пул. Бундай асар ва унинг муаллифи номини на миллий, на дунё адабиёти вакиллари рўйхатига тиркаб бўлади.
Бу гаплардан мурод, “Jahon adabiyoti”нинг янги – июль ойи сони нашрдан чиқди. Журнални севиб ўқийдиган мухлислари кўп. Хўш, янги сонда нималарни ўқиймиз?..
Журнал муҳаррири ўзбек болалар адбиётида Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон каби сўз усталаридан кейин юзага келган бўшлиқни тўлдириш учунми атоқли болалар адиби, швециялик Сельма Оттилия Ловиза Лагерлёфнинг “Нильснинг ёввойи ғозлар билан саёҳати” эртак-қиссасини берган. Асарни шоир Очил Тоҳир русчадан ўзбек тилига ўгирган. Очил аканинг ўзи ҳам болаларга бағишлаб кўплаб шеър, ҳикоялар ёзган. Шу боис, бу таржима шунчаки, ўгирилган деб бўлмайди. Қолаверса, таржима устоз Аҳмаджон Мелибоевнинг чиғириқларидан ўтган. Муаллиф – дунёга бола нигоҳи билан боқувчи, ўзи ҳам боладек самимий, ёзиш услуби ўзига хос, Нобель мукофотини қўлга киритган биринчи аёл ёзувчи. “Нильснинг ёввойи ғозлар билан саёҳати” қиссаси сизни ҳам беғубор фаслга қайтаради, болалик дунёсига ҳайрат билан боқасиз...
Салим Ашур таржимасида латвиялик шоир Ояр Вациетиснинг шеърларини ўқиб ҳузур қиласиз. Дарвоқе, Ояр Вациетисни Болтиқ бўйида “Кичик халққа тақдир инъом этган улкан туҳфа” деган ҳеч бир қалам аҳлига насиб этмаган “унвони” бор.
Журналдан адабиётшунослик – маънавиятга бағишланган мақолалар, илмий тадқиқотлар ҳам ўрин олган. Шоир ва адиб Иқбол Мирзо таржимасида Г.Гориннинг “Тиль афсонаси” драмаси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Алининг “Клеопатра” тарихий романи, Абдулла Аъзамнинг “Аброрлар ҳайрати” эссесининг давомини ўқиган ўқувчи журналнинг янги сонидан қониқиш ҳосил қилиши мумкин.
А.Нарзуллоев, ЎзА