“Жадидлар” китоблар тўплами ҳудудларга етказилмоқда
Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан маърифатпарвар жадид боболаримизнинг ибратли ҳаётини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш учун “Жадидлар” тўплами тайёрланган эди. “Жадидлар” тўплами ўзбек жадидчилигининг 8 нафар йирик вакили — Ғулом Зафарий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний, Мунавварқори Абдурашидхонов, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёти, асарлари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган.
Ўзбек зиёлиларининг фаолиятини, тарих зарварақларини бирлаштирган “Жадидлар” китоблар тўплами шу кунларда вилоятлардаги таълим масканларига етказиб берилмоқда. Жумладан, Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактаблари, олий таълим муассасалари, Президент ва ижод мактабларига етказилди. Шунингдек, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидаги таълим муассасаларига ҳам тақдим этилди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур тўплам орқали ёшларимиз маърифатпарвар ота-боболаримиз ҳақида, уларнинг фаолияти, миллат равнақи, Ватан тараққиёти учун жон куйдириб, фаолият кўрсатгани борасида атрофлича маълумотларга эга бўладилар. Шундай экан, мазкур тўпламни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш маърифатпарвар жадид боболаримиз ҳақида ёшларнинг хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА