“Жадидлар изидан” танловининг туман босқичи ғолиблари аниқланди
Қашқадарё вилоятида мактаб ўқувчилари ўртасида Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Жадидлар изидан” республика танловининг туман босқичлари юксак савияда ташкил этилди. Жумладан, намунавий тарзда ўтказилган танловнинг Китоб тумани босқичи ҳам баҳс-мунозараларга бой бўлди.
Танлов Китоб тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда “Келажак маркази” ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда танловнинг мактаб босқичларида саралаб олинган билимга чанқоқ, фаол ва иқтидорли ўқувчилар иштирок этди.
- Танловнинг Китоб туман босқичи юқори кайфиятда ўтказилди, - дейди Китоб туман “Келажак маркази” директори Қаҳрамон Қаюмов. – Ўқувчи ёшларнинг ушбу танловга қизиқишлари тобора ошиб бормоқда. Буни иштирокчилар сонидан ҳам билиш мумкин. Масалан, ўтган йили 5 минг нафар ўқувчи қатнашиш истагини билдирган бўлса, бу йил 6523 нафар ўқувчи онлайн рўйхатдан ўтган. Улар мактаб босқичидан саралаб олиниб, кучлилари туман босқичида қатнашмоқда.
Ёш авлоднинг тарихий билимларини ошириш, жадид боболаримизнинг бой маънавий меросини чуқур ўрганиш ҳамда ўқувчиларда миллий ғурур ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган танлов жараёнида иштирокчилар тест синови ҳамда савол-жавоб шартлари асосида жадидчилик ҳаракати, маърифатпарварлик ғоялари, жадид намояндаларининг ҳаёти ва ижодига оид билимларини синовдан ўтказдилар.
Якуний натижаларга кўра, 7–8–9-синфлар ўртасида 1-ўрин 26-мактаб ўқувчиси Шаҳризода Раҳмоновага, 9–10-синфлар ўртасида 97-мактаб ўқувчиси Озода Мусурмоновага насиб қилди ва танловнинг кейинги босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндор ўқувчилар фахрий ёрлиқлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-32150]
- Бу танловга устозларим кўмаги остида тайёрландим, - дейди танлов ғолиби, тумандаги 26-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Шаҳризода Раҳмонова. - Белгиланган адабиётларни ўқидим. Жадидлар ҳаётини ўргандим ва бу танловда юқори ўринларни олишимда муҳим аҳамият касб этди. Насиб этса, танловнинг кейинги босқичларида ҳам муносиб иштирок этиб, ғолиб бўлишни мақсад қилганман.
Маълумот ўрнида, танловнинг республика босқичида ғолиб бўлган ёшлар қимматли совғалар, шу жумладан, хорижий давлатларга ва таълим саёҳатлари билан тақдирланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари