“Жадидлар изидан” танлови вилоят босқичи ғолиблари аниқланди
Навбаҳор туманидаги “Келажак маркази”да умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Жадидлар изидан” республика танловининг Навоий вилоят босқичи якунланди.
Танловда 6-8-синф ҳамда 9-10-синф ўқувчилари ўзаро беллашдилар. Унда ўқувчилар “Бошқотирма”, “Асар таҳлили” ва “Иншо” шартлари бўйича ўз билим, дунёқараш ҳамда ижодий салоҳиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра, 6-8-синф ўқувчилари ўртасида 1-ўринни Зарафшон шаҳридаги 3-мактаб ўқувчиси Дилшодбек Мухторов, 9-10-синф ўқувчилари ўртасида эса Нурота туманидаги 11-мактаб ўқувчиси Зарнигор Зойирова эгаллади ва танловнинг республика босқичида иштирок этадиган бўлди.

Танловнинг ғолиб ва совриндорлари, шунингдек, фаол иштирокчилар диплом ҳамда ташаккурномалар, шунингдек, қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
А.Бўриев, ЎзА мухбири