Ижтимоий хизматлар сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди
Аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун бошқарувнинг ҳар бир бўғини бирдек масъул.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида Жаҳон банки, ЮНИСЕФ ҳамда “Oxford Policy Management” (OPM) консультантлари, шунингдек Агентликнинг тегишли таркибий бўлинмалари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашув Агентлик ва жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “ИНСОН” лойиҳаси доирасида Агентлик ва ЮНИСЕФ ўртасида имзоланган келишувга асосан ўтказилди. Ушбу келишувга кўра, ОПМ консультантлари икки йўналишда ёрдам кўрсатиш учун жалб қилинган. Яъни, болалар ва оилалар учун ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни баҳолаш ҳамда лойиҳа доирасида асосий ижтимоий хизматларни концептуаллаштириш, кейс-менежмент жараёнларини ижтимоий хатарлар, мижоз йўли ва хизмат кўрсатиш сифати нуқтайи назаридан таҳлил қилиш ва маҳалла даражасидаги ижтимоий иш механизмларини такомиллаштириш.

Музокаралар давомида томонлар ҳар икки йўналиш бўйича баҳолаш натижаларини, кейс-менежмент ишларини, аҳолининг турли гуруҳлари эҳтиёжларини аниқлаш ва баҳолаш тартибларини, шунингдек Агентлик бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган чора-тадбирларни ягона тизимга интеграциялаш масалаларини муҳокама қилди.
Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади халқаро тажриба асосида маҳалла даражасидаги ижтимоий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш, шу орқали ҳар бир эҳтиёжманд оилага манзилли кўмак етказишни таъминлашдир.
Шербек Исломов, ЎзА