Ижтимоий тармоқлар ҳуқуқий саводхонликни талаб этади
Бугунги кунда интернет, ижтимоий тармоқлар, электрон тўлов тизимлари, сунъий интеллект ва турли рақамли платформалар инсонларнинг ахборот олиш, мулоқот қилиш, таълим олиш ҳамда меҳнат фаолиятини ташкил этиш имкониятларини тубдан ўзгартирди.
Бироқ ҳар қандай тараққиёт сингари рақамлашув жараёни ҳам муайян муаммо ва таҳдидларни юзага келтирмоқда. Айниқса, кибермаконда ахборот хавфсизлигини таъминлаш, шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш, интернетдаги зарарли таъсирларнинг олдини олиш масалалари тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Навоий вилояти ИИБ Кибержиноятларга қарши кураш бошқармаси бошлиғи Анвар Салимов мухбиримиз билан бўлган суҳбатда соҳадаги ютуқ ва муаммолар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
– Кибермаданиятни фақат компьютер ва интернетдан фойдаланиш кўникмаси сифатида тушуниш тўғри эмас. У, аввало, инсоннинг рақамли макондаги билими, дунёқараши, ахлоқий қарашлари, ҳуқуқий саводхонлиги ва масъулиятли хатти-ҳаракатларини ифодалайди. Бошқача айтганда, кибермаданият бу инсоннинг виртуал муҳитда ҳам ўзини маданиятли, ҳушёр ва масъулиятли тута олиш қобилиятидир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, рақамли технологиялардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайиши ҳар доим ҳам улардан тўғри ва хавфсиз фойдаланиш маданиятининг шаклланиши билан бир хил суръатда кечмаяпти. Кўп ҳолларда фойдаланувчилар интернетдаги маълумотларнинг ишончлилигини текширмасдан қабул қилади, шахсий маълумотларини етарлича ҳимоя қилмайди ёки нотаниш манбалардан келган хабар ва ҳаволаларга ишониб қолади. Натижада фирибгарлик, фишинг, аккаунтларни ўзлаштириш, шахсий маълумотларни тарқатиш ва бошқа кибержиноятчилик ҳолатлари учун шароит юзага келади.
Ўтган давр мобайнида вилоятда АТ соҳасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича аҳолини кибертаҳдидлардан огоҳлантириш юзасидан қарийб 5 минг маротаба тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилди. Шунингдек, кибержиноятлардан ҳимояланиш усулларини тушунтирувчи 1,3 мингтага яқин видеоматериал, 430 мингга яқин тарқатма материал ва флаерлар, 900 дан зиёд баннерлар тайёрланди ҳамда ОАВ орқали чиқишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, аҳолини кибержиноятлардан ҳимоялаш мақсадида вилоятдаги 400 мингга яқин аҳолининг телефон қурилмаларига “АПК қўриқчи” мобил иловаси ўрнатилиб, зарарли дастурлар орқали жабрланишларнинг олди олинмоқда.
Муаммонинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ахборот оқимининг ҳаддан ташқари кўпайиши инсоннинг танқидий фикрлаш қобилиятига ҳам таъсир қилиши мумкин. Шу боис бугунги кунда ахборотни қабул қилишдан кўра, уни таҳлил қилиш, манбасини аниқлаш ва ҳақиқатга мувофиқлигини баҳолаш муҳимроқ кўникмага айланмоқда.
Бугун ёш авлод рақамли технологиялар билан бевосита боғлиқ муҳитда камол топмоқда. Улар учун интернет нафақат ахборот манбаи, балки мулоқот, таълим, ўзини намоён қилиш ва дунёқарашни шакллантириш майдони ҳамдир. Шу сабабли ёшларнинг интернетдан фойдаланиш маданиятини ошириш фақат техник билимларни ўргатиш билан чекланмаслиги керак. Уларда мустақил фикрлаш, ахборотни танқидий баҳолаш, ёт ва зарарли ғояларни фарқлаш, ўз шахсий маълумотларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш каби фазилатларни шакллантириш зарур. Бунда оила, таълим муассасалари ва жамоатчиликнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Ота-оналар фарзандларининг рақамли муҳитдаги фаолиятига бефарқ бўлмаслиги, улар билан интернетдан хавфсиз фойдаланиш ҳақида мунтазам суҳбатлашиши лозим. Таълим муассасаларида эса киберхавфсизлик, медиасаводхонлик ва рақамли этика масалаларини ўқув-тарбиявий жараёнга кенг татбиқ этиш мақсадга мувофиқ.
Бугунги кунда фуқароларнинг шахсий маълумотлари, банк карталари, электрон почта манзиллари ва ижтимоий тармоқлардаги аккаунтлари турли киберхавфлар объектига айланмоқда. Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бу турдаги жиноятларни барвақт аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича тизимли чоралар кўрилмоқда.
Ахборот технологиялар соҳасидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликлар юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни содир этиш усули ва турлари, жабрланувчиларнинг иш жойи бўйича виктимологик таҳлил қилинганда, жиноятларнинг “AПК” зарарли вируслари, “Сохта қўнғироқлар”, “онлайн савдо”, “сохта трейдинг” усуллари орқали содир этилаётганлиги маълум бўлмоқда. Шунинг учун мураккаб пароллардан фойдаланиш, икки босқичли тасдиқлашни жорий этиш, шубҳали ҳаволаларни очмаслик ва шахсий маълумотларни нотаниш шахсларга тақдим этмаслик оддий эҳтиёт чораси эмас, балки рақамли хавфсизликнинг зарур шарти ҳисобланади.
Яна бир муҳим жиҳат — сунъий интеллект технологияларининг жадал ривожланиши инсонларга катта имкониятлар яратиши билан бирга, сохта тасвирлар, овозлар ва видеоларни тайёрлаш, ахборотни сохталаштириш ҳамда жамоатчиликни чалғитиш каби янги муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Хуллас, кибермаданиятни ривожлантириш бир марталик тадбир ёки фақат муайян соҳа мутахассисларининг вазифаси эмас. Бу узлуксиз таълим, тарбия, ҳуқуқий саводхонлик ва ижтимоий масъулият билан боғлиқ жараёндир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири